Рашид Ғофуров: Аслида 9 та ўйинда юта олмаган мураббийнинг истеъфога чиқарилиши табиий, лекин Канчельскисни ҳеч ким ҳайдагани йўқ

Мухлислар Рашид Ғофуровни яхши эслашади. Наманган футболи тарбияланувчиси. Ўзбекистон миллий терма жамоасида тўп сурган ва “Навбаҳор”да ҳам кўп йиллар давомида муваффақиятли фаолият олиб борган.

Ҳозирда у мураббийлик иши билан шуғулланиб келмоқда ва биринчи лигада “Навбаҳор”нинг фарм клубини бошқаряпти. Ўз вақтида у “Навбаҳор” жамоасига маълум вақт бош мураббийлик ҳам қилган. Футболчилик даврида ўзидан яхши ном қолдирган мутахассис “Навбаҳор”нинг бугунги куни ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Навбаҳор”нинг Суперлигадаги иштироки ҳақида

- Клубда мураббийлар келди-кетдиси бўляпти. Қолаверса, вилоят ҳокими алмашди, - дея сўзини бошлади, Ғофуров. - Янги ҳоким ҳам футболни яхши кўради, футболнинг ичидаги инсон. Лекин ҳар кимнинг футболга ўз қараши бўлади. Биринчи навбатда футболчилар раҳбариятнинг ўзгарган ёки ўзгармаганига қарамаслиги керак. Яратилаётган шарт-шароитлар бир хил даражадами, демак, футболчилар майдонда бор кучи билан ўйнашлари керак. Тошкентда марказлашган ҳолда ўтказилган учрашувларда ҳам жамоанинг ўйини қовушмаётганди. Балки бошқалар раҳбарият ёки мураббийларнинг ўзгаришини сабаб қилиб кўрсатиши мумкин, аммо буларнинг алоқаси йўқ. Футболчилар яратилаётган шароитларга яраша ўйнашлари керак-да. Бу билан ҳамма айбни ўйинчиларга ағдариб қўймоқчи эмасман. Фақат футболчилар майдонга тушганда атрофдаги ҳамма нарсани унутиб, бор эътиборини ўйинга қаратишлари шарт. Мен ҳам футболчи бўлганман ва уларнинг тарафини оламан. Лекин клубда молиявий муаммолар йўқ. Ҳамма гап футболчиларнинг ўзида қолди. Уларнинг шароити ва машғулотларини кўриб, бундан ортиқ яна нима керак дейсиз-да! Лекин жамоанинг ички муҳитида нима бўлаётганини билмайман.

Канчельскиснинг клубдан кетишига муносабати қандай?

- Авваламбор клубда ишлаётган мураббий сифатида Канчельскис ҳақида муносабат билдиришга ҳаққим йўқ. Албатта, уни ҳурмат қиламан. Ўзи билан бир-икки марта гаплашганман. Лекин машғулотларида қатнашмаганман. Ҳамма мураббийнинг футболга қараши бор. Унга ҳам етарлича имконият беришди. Ўзининг қудрати ва кучидан келиб чиққанда “Навбаҳор”га ярашмайдиган натижалар бўляпти. Имконият бўлса, шунчалик бўлар. Бу билан мураббийни айбламоқчи эмасман. Фақат вазиятга реал қарасак, раҳбарият ҳам шунчалик имконият бериб, кутар. Аслида Андрей Канчельскисни ҳеч ким ҳайдагани йўқ. Охирги учрашувдан кейин ўзи ҳам тушуниб етди шекилли. Шунинг учун бўлса керак, “Бухоро” билан ўйиндан сўнг Наманганга келмасдан ўша ердан Россияга кетган. У ишлайдими ё ишламайдими, менга фарқи йўқ. Бироқ 9 та учрашувдан бери бирорта ғалаба бўлмаганидан сўнг ҳар қандай раҳбариятнинг ҳам тоқати тоқ бўлади-да. Тўғрисини айтсам, унинг ўрнида маҳаллий мураббий бўлганида 9 та ўйинга эмас, 4 та ўйинга ҳам етиб бормасди. Россиялик мутахассис эса шунча ғалабасиз сериядан кейин ўзи ҳам тақдирга тан берди, шекилли-да. Ҳаттоки, шунда ҳам раҳбарият унга кет, деб айтишмаган. Бу билан Канчельскисни ёмонламоқчи эмасман. Балки кейинги жамоасида яхшироқ натижаларга эришиши мумкин. Лекин “Навбаҳор”да ким ишлашидан қатъий назар 9 та учрашувда ғалаба қозона олмадими, албатта унга чиқиш эшиклари очилади, аслида.

Россиялик мураббий “Навбаҳор”га нима бера олди?

- Унинг амалда нима бергани ёки нима олганини кўрганим йўқ. Тўғрисини айтиш керак-да. Ўзидан нима қолдирди дегани “Навбаҳор”нинг ҳали чиройли, ҳужумкор ўйнаганини кўрмадим. Бу биргина Канчельскис билан боғлиқ эмас. Клубда ишлаган мураббийларни назарда тутяпман. Фақат мухлисларнинг жонкуярлиги, уларнинг далдаси ва иштиёқ билан ютиб юравергани кўзга ташланиб қолди. Мана, пандемия даврида ишқибозларнинг йўқлиги жамоага билиниб қолди. Мисол учун, Рўзиқул Бердиевнинг ишига қойил қоламан. У жамоасидан етакчилари кетиб қолса асло чўчимайди. Кетганларнинг ўрнини босадиган муносиб ёшлари етишиб чиқишда давом этяпти. Академияси, ўринбосарлари яхши ишлаяпти. Бердиев ёшлар билан қандай жамоа шакллантирганини кўринг. “Насаф”да ўйин суръати бор. Мураббийнинг имзоси кўриниб турибди. Жамоа ўйинини кўриб бироз бўлса ҳам роҳатланасиз. “Навбаҳор”даги ўйинчиларни кўринг, номи чиққан футболчилар, тажрибали, терма жамоани кўришган. Лекин жамоада ўйин суръатини кўрмадим. Аслида эса раҳбарият томонидан яратиб берилаётган шароитларга яраша “Насаф”дан яхшироқ ўйнаши керак. Шунингдек, шунча қилинаётган ҳаракатлар ва олиб келинган легионерларга яраша клубнинг 8-ўринда юриши салбий ҳолат. Ўзимизни маҳаллий йигитлар билан ҳам ана шу ўринда юрса бўлади. Хорижлик мураббий ва футболчиларни олиб келишдан мақсад “Навбаҳор”ни Осиё Чемпионлар лигасига олиб чиқиш. Агар улар жамоани совринли ўринларга ва Чемпионлар лигасига олиб чиқа олмаса, унда шунча харажат қилиб, олиб келишни нима кераги бор? Клуб академиясини кўрсангиз водийда йўқ. Кўриб ҳавас қилдим. Ўзим “Бунёдкор”да ҳам ишлаганман ва у ердаги академия билан солиштирдим. “Бунёдкор”никидан қолишмайдиган академия очилди. Қилинаётган ишларнинг барчаси Наманган футболини ривожлантириш учун. Худо хоҳласа, бир неча йилдан кейин мевасини беришни бошласа, бундан фақат “Навбаҳор” ютади.

Аслида клубга қандай мураббий зарур?

-  “Навбаҳор”га қандай мураббий керак? Ўзим шу йўлни босиб ўтганман. Тўғри, мен ҳам қойиллатиб қўймаганман. Айтмоқчиманки, бу осон иш эмас. Ўша пайтда менга ҳам Канчельскисга ўхшаб 9 та ўйинда ғалаба қозона олмасак ҳам ишлайвергин дейишганида, балки кейинчалик вазиятни ўнглаб юборган бўлармидик. Ўшанда томдан тараша тушгандек шошилинч билан иш бошланганди. Агар ўзим ишни қойиллатиб қўйганимда эди, клубга у ёки бу мураббий керак, деб гапирсам арзирди. Агар “Навбаҳор”га, Наманган футболига ҳар томонлама фойдаси тегадиган мураббий бўлса, ҳаммага яхши бўлади. Мана, энди Нўъмон ака Ҳасановга имконият берилди. Агар натижалар яхшиланса у билан ҳамкорликни узайтиришлари мумкин. Мураббий фаолияти давомида ҳамма нарсага тайёр туриши керак.

Ҳозирги иши хусусида

- Бизнинг олдимизга про-лигага чиқиш мақсади қўйилмаган. Наманган футбол юрти бўлгани учун бизда ўйинчилар кўп. Мақсадимиз иқтидорли ёшларни тарбиялаб асосий жамоага етказиб бериш. Муҳими, уларда ўйин амалиёти бўлиши учун биринчи лигада қатнашиб юрибмиз. Ҳозиргача 4-5 нафар ёшларимизни ўринбосарлар ва асосий жамоамизга бердик. Олдимизга асосан шунақа вазифа қўйилган. Биз алоҳида жамоа эмасмиз. “Навбаҳор” қошидаги фарм-клубмиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!