Рашид Ғофуров: "Про лигада иштирок этадиган бўлдик, бизга шунақа дейишди"

Наманганнинг “Навбаҳор-фарм” жамоаси биринчи лигада қатнашиб 59 очко жамғарган ҳолда мусобақа ғолиблигини қўлга киритганини билсангиз керак. Бунда шубҳасиз бош мураббий Рашид Ғофуровнинг катта меҳнати бор.

Ҳозирги кунда жамоа аъзолари янги мавсумга тайёргарлик кўришмоқда. Охирги пайтларда “Навбаҳор-фарм”нинг про лигада иштирок эта олмаслиги борасида гап-сўзлар тарқалганди. Лекин ёш жамоа олдинга интилишда ва ишонч билан ҳаракат қилишда давом этмоқда.

“Навбаҳор-фарм” “Андижон”га қарши назорат учрашувида қатнашиб 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Беллашувдан кейин бош мураббий Рашид Ғофуров ўйин ҳақида фикр билдириш билан бир қаторда “Навбаҳор-фарм”нинг кейинги тақдири бўйича ҳам гапирди.

- Ўйиндан олган таассуротларимиз яхши. Биз шунақа ўйин бўлишини кутгандик, - дея гап бошлади, бош мураббий. - Ўзимиздан бир поғона баланд жамоага қарши учрашув бизга тажриба беради. Ўзимни жамоамга ишонган ҳолда айтаманки, ютқазишимизга ишонмагандим. Агар 1:0 ҳисобида қолганида биз бунга лойиқ бўлмасдик. Дуранг адолатли натижа. Лекин ҳозир ҳамма жамоада янги ўйинчилар кўрикдан ўтказиляпти. Шуни ҳисобга олганда, “Андижон”нинг бу ҳали охирги таркиби эмас, деб ўйлайман. Жамоа янада кучаяди. Футболчиларимдан кўнглим тўлди.

нав фарм

- “Андижон” ҳақида яна қандай фикр билдира оласиз?

- Клуб Суперлигага қайтди. Таркибини шакллантириб олса, ҳаммаси яхши бўлади. Бу ердаги футболчилардан кўра, бош мураббий Александр Хомяковга катта ишонч билдираман. Негаки, уни жуда яхши мутахассис сифатида биламан. Ухламасдан изланадиган мураббий. Тактик танлашда ҳам уста. Янги клубида яқиндагина иш бошлади. Хомяковни кўп нарсани ютишга қодир, мураббий деб ҳисоблайман. Шахсан мен бу мутахассисга ишонаман. Ҳар тарафлама кучли мураббий. Уни яхши биламан. “Машъал”да тўп сурган пайтларимдан биламанки, “Андижон”нинг биринчи навбатдаги ютуғи шу бўлдики, кучли мутахассисни олиб келди. Бундан ташқари, клуб бош директори Улуғбек Мирзаев ҳам футболга янгилик кирита оладиган инсон. Бирга ишлаганмиз. Катта-катта режаларни амалга оширадиган мутахассис сифатида биламан. Вилоят ҳокими ёрдам бериб турса, “Андижон”нинг келажаги шу иккита инсон билан янада ёрқин бўлади.

- “Навбаҳор-фарм” биринчи лига чемпиони бўлди. Бундай натижани кутганмидингиз? Аслида шундай мақсад қўйилганмиди?

- Чемпионат бошида бунчалик кутмаган бўлсам-да, ўйиндан-ўйинга савиямиз ошиб борди. Қарасак, бемалол чемпионликка ҳаракат қилсак бўларкан. Бемалол деганим билан бизга ҳам осон бўлгани йўқ. Кўп машаққатларни босиб ўтдик. Лекин бизни футболчилар муносиб эди. Бошқа рақиб жамоа мураббийлари ҳам чемпионликка энг муносиби сифатида “Навбаҳор-фарм”ни айтишди ва бу гапни кўпчиликдан эшитдим.

рашид

- “Навбаҳор-фарм”ни келаси йили про лигада иштирок этмаслиги ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу борадаги вазият қандай?

- Худо хоҳласа, биз қатнашадиган бўлдик. Ҳа, шунақа гап-сўзлар бор эди, биз ҳам эшитдик. Бунгача бироз иккиланиш йўлида эдик. Аммо бу билан футбол тугаб қолди, дегани эмас. Биз ишимизни режага асосан давом эттиравердик. Мана, 24 декабрь кунги йиғилишга раҳбарият бориб келди ва биз про лигада иштирок этадиган бўлдик. Бизга шунақа дейишди.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
27/12/2022 09:46
Жуда ту'гри су'злари Рашид Гафуров