Расман! Арвеладзедан сўнг,

Голландиялик мутахассис "Пахтакор" бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар тарқатди.

Шу кунгача "Пахтакор" жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган голландиялик мутахассис Питер Хюистра энди "Пахтакор" бош мураббийига айланди. У Шота Арвеладзе билан мураббийлар штабида бирга фаолият юритиб келаётганди. Охирги йилларда шакллантирилган ҳужумкор, чиройли ва мухлисларга маъқул келадиган футбол фалсафасига асосланган ўйин услубини янада яхшилаб боришга уриниш, шу тариқа давом эттирилади.

Маълумот учун, Питер футболчилик фаолиятида Шотландиянинг машҳур клубларидан бири "Глазго Рейнжерс" шарафини беш мавсум ҳимоя қилиб, беш марта чемпионликка эришган.

Шунингдек, Питер "Гронинген", "Вендам", "Твенте", "Санфречче Хиросима", "Льерс" ва "Розендал" каби клубларда ўйнган. Голландия, Шотландия, Япония ва Бельгия чемпионатларида жами 413 беллашувда 78 гол уришга эришган. Голландия терма жамоаси таркибида 1988-91 йилларда 8 ўйинда майдонга тушган.

Хюистра мураббийлик ишини 2001 йил "Гронинген" ёшлар жамоасида бош мураббий сифатида бошлаган. 4 йиллик фаолиятидан сўнг, "Витесс" ва "Аякс" клубларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Кейин «Аякс» ёшлар жамоаси, «Гронинген», «Де Граафсхап» клубларида ва Индонезия терма жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди.

2017 йил июнь ойидан бошлаб "Пахтакор"да ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келди ва жамоа ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшди. Эндиликда Питер бош мураббий лавозимида фаолиятини давом эттиради. 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар