Расман! “Барса”да порлаган икки юлдуз фаолиятини тугатди

  • 7 декабрь, 10:00
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
CHERY AUTO

“Барселона” тарихида чуқур из қолдирган Жорди Альба ва Серхио Бускетс АҚШнинг “Интер Майами” клубидаги қисқа муддатли фаолиятидан кейин расман футболни тарк этди.

Tecno

Бу воқеа МЛС кубоги плей-офф босқичининг финалидан кейин содир бўлди. “Интер Майами” бу баҳсда “Ванкувер Уайтскэпс” жамоасини 3:1 ҳисобида енгиб, Шимолий Америка лигасининг чемпионлик совринини қўлга киритди.

Икки испан футболчиси шу тариқа клублар миқёсидаги сўнгги ўйинини ўтказди. 37 ёшли Бускетс ва 36 ёшли Альба жорий мавсум давомидаёқ йил охирида фаолиятини тўхтатишини айтган эди.

Бускетс 2008 йили бошланган фаолиятининг асосий қисмини “Барселона”да ўтказиб, каталонияликлар шарафини 2023 йилнинг ёзига қадар ҳимоя қилган. Кейин у Лионель Месси билан “Интер Майами”да ўйнашга қарор қилди.

Серхио клублар миқёсида жами 840 та ўйин ўтказиб, ўз ҳисобига 19 та гол ва 62 та ассист ёздириб қўйган. Жами 35 та совринни қўлга киритган. Испания терма жамоаси сафида 143 та учрашувда қатнашиб, иккита гол ва тўққизта ассист муаллифи бўлди. Жаҳон ва Европа чемпиони ҳисобланади.

Альба “Барселона” ва “Валенсия” академиялари тарбияланувчиси ҳисобланади ва ҳар икки клубнинг асосий жамоасида ўйнаган. Шунингдек, орада “Химнастик”да ҳам тўп тепган. Жорди ҳам “Интер Майами”га Месси ва Бускетс билан бир даврда – 2023 йилнинг ёзида келган.

Машҳур ҳимоячи клублар миқёсида 708 та ўйин ўткази, 52 та гол ва 135 та ассист муаллифи бўлган, жами 21 та соврин ютган.

Альба Испания терма жамоаси сафида 93 та учрашувда қатнашиб, тўққизта гол ва 22 та ассист қайд этган. Европа чемпионати ва Миллатлар лигаси ғолиби бўлган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!