Расман: Бобур Давлатов "Нефтехимик" жамоаси билан шартнома имзолади

Яқинда сайтимиз орқали "Насаф"ни тарк этган иқтидорли футболчимиз Бобур Давлатовнинг Россия миллий футбол лигаси иштирокчиси – «Нефтехимик» жамоаси йиғинида иштирок этаётгани тўғрисида хабар бериб ўтгандик.

Маълум бўлишича, Давлатов «Нефтехимик» билан бир йилга мўлжалланган шартномага имзо чекди. Бу ҳақида ўзи билан боғланганимизда ҳам расман «Нефтехимик» аъзосига айланганини тасдиқлади.

- «Нефтехимик» жамоаси билан шартнома имзоладим ва бу жамоанинг аъзосига айланганимдан хурсандман. Энди бор эътиборимни ушбу жамоамнинг ўйинларига ва ғалабаларига қаратмоқчиман. Менга билдирилаётган ишончни оқлаш учун бор кучимни сарфлашга тайёрман - дея фикр билдирди, Бобур Давлатов.

Хабарингиз бўлса, Бобур Давлатов икки йил олдин ҳам ушбу жамоа шарафини ҳимоя қилганди. Жамоа бош мураббийи Юрий Уткулбаев эса ҳамюртимиз билан илгари «Рубин», «Актобе» ва айнан «Нефтехимик»да бирга ишлаган. Шу сабабли Давлатовнинг имкониятларини яхши билади. Шу боис ҳам у билан яна бир бор ишлаш истагини билдирди. Бунга жавобан Бобур яна Россия чемпионатида ўзини синаб кўриш имкониятини қўлдан чиқармади. 7 июль куни Россия МФЛга старт берилади. Шу куни «Нефтехимик» сафарда «Мордовия» меҳмони бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Акмал Ғурумсарой
23/06/2019 17:12
Омадини берсин! Оқ йўл!