Расман! Бокс бўйича "Токио-2020" жаҳон лицензион мусобақаси бекор қилинди
Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан бокс бўйича "Токио-2020" лицензион мусобақасини ўтказиш учун тузилган ишчи гуруҳи Парижда ўтиши режалаштирилган жаҳон лицензион мусобақаси бекор қилинганини расман тасдиқлади. Бу борада барча Миллий олимпия қўмиталарга расмий хабар юборилмоқда. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда бутун дунёда янги эпидемиологик вазиятнинг қайта авж олаётгани, спортчиларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш ташкилотнинг асосий мақсади экани сабаб қилиб кўрсатилган. Шу тариқа, июнь ойида Парижда ўтадиган жаҳон лицензион мусобақаси ўтказилмайдиган бўлди.
Ҳозирда бокс бўйича 53 та йўлланма (32 эркаклар ва 21 аёллар) тақсимланмай қолган эди. Маълум қилинишича, ушбу квоталар барча қитъаларга боксчиларнинг Олимпия вазн тоифаларидаги рейтинг поғоналарига қараб тарқатилади. Бунда сўнгги 4 йил (2017-2021) орасида ўтказилган халқаро мусобақалар инобатга олинади. Бунгача ўтказилмаган Америка ва Европа қитъаларидаги саралаш мусобақалари май-июнь ойларида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йил Иорданияда ўтган лицензион мусобақа орқали 7 та (6 эркак ва 1 аёл) йўлланмани қўлга киритган эди.
Фикрлар