Расман! "Машъал" нигериялик ҳужумчи билан шартнома имзолади
Муборакнинг "Машъал" футбол клуби янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш борасида навбатдаги муҳим қадамни ташлади. Жамоа нигериялик тажрибали марказий ҳужумчи Огастин Чиди Квем билан расмий шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуоти хабар берди.
"28 ёшли форвард «газчилар»нинг олдинги чизиғида асосий кучга айланиши кутилмоқда. Бўйи 187 сантиметр бўлган футболчи жисмоний тайёргарлиги, ҳаво курашларидаги устунлиги ва рақиб жарима майдончасидаги фаоллиги билан ажралиб туради. Трансфермаркт маълумотларига кўра, Квемнинг бозор қиймати 350 минг еврога баҳоланган бўлиб, бу уни жамоадаги энг қиммат легионерлардан бирига айлантиради.
Чиди Квем профессионал фаолияти давомида асосан Жанубий Африка ва Ветнам чемпионатларида тўп сурган. У Жанубий Африка Премер-лигасида «Чиппа Унитед», «ТС Галахй» ва «АмаЗулу» клублари шарафини ҳимоя қилган. Айниқса, «АмаЗулу» сафидаги ўйинлари эътиборга молик бўлиб, қарийб 50 учрашувда 11 бор рақиб дарвозасини ишғол этган. Ўзбекистонга келишидан олдин эса Ветнамнинг «Ханой» ҳамда Ироқнинг «Ал-Нафт» жамоаларида ҳаракат қилган.
«Машъал» учун мазкур трансфер ҳужумдаги самарадорликни ошириш ва рақиб жарима майдончасида босимни кучайтириш йўлидаги муҳим қарор ҳисобланади. Квемнинг тўпни ушлаб қолиш маҳорати ва тўғри позиция танлаши жамоа тактик қурилишларига янги нафас олиб кириши кутилмоқда", - дейилади хабарда.
Фикрлар