Расман! “Оқ-тепа” футбол клуби ЎзПФЛ қатнашчилари сафидан чиқарилди
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Ижроия қўмитаси 2021 йил 6 июль куни Ўзбекистон футбол ассоциациясига молиявий қийинчиликлар туфайли Про лига ва U-18 чемпионатидаги иштирокини тўхтатганини маълум қилган “Оқ-тепа футбол ПФК” (кейинги ўринларда — “Оқ-тепа” футбол клуби)ни ЎзПФЛ қатнашчилари сафидан чиқарди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
“Оқ-тепа” футбол клуби қатнашчилар сафидан чиқарилгани муносабати билан мазкур футбол клуби ва футболчилар ўртасида тузилган меҳнат шартномалари муддатидан олдин бекор қилинганида, футболчиларнинг бошқа футбол клублари билан имзолаган меҳнат шартномалари Ўзбекистон Профессионал футбол лигасидан шу йилнинг 31 июлига қадар рўйхатдан ўтказилишига рухсат берилади.
“Оқ-тепа” футбол клубининг Про лига мусобақасидан чиқиб кетиши мазкур мусобақа форматига ўзгартириш киритиш заруриятини вужудга келтиради. Сабаби бунга қадар Фарғонанинг “Истиқлол” клуби ҳам мусобақа билан хайрлашганди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси “2021 йилги мавсумда Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар регламенти”нинг 21.4-бандига киритиладиган ўзгаришлар бўйича қўшма йиғилиш ўтказди ва бу борада қарор қабул қилди. Эндиликда Регламентнинг шу банди қуйидаги ўзгаришларни ўзида акс эттиради:
▪️ жамоалар II босқичда 5 тадан икки гуруҳга эмас, балки 18-тур учрашувларидан кейинги турнир жадвалидан келиб чиқиб, 4 тадан икки гуруҳга ажратилади;
▪️ бунда юқори тўртлик Суперлига йўлланмаси учун курашни давом эттиради. Қолган жамоалар эса 5-8 ўринлар учун курашда иштирок этади;
▪️ II босқичда юқори ва пастки тўртликнинг ҳар бир аъзоси 3 тадан уй ва 3 тадан сафар учрашувларида иштирок этади.
Шунингдек, Регламентнинг 8.9-бандидан келиб чиқиб, “Оқ-тепа” футбол клубининг Про лига 2021 йилги мавсумида ўтказган 11 та учрашуви натижаси бекор қилинади ва турнир жадвали қайта шакллантирилади. Регламент бўйича Про лиганинг бу йилги мавсуми 28 турдан иборат бўлиши ва бунда ҳар бир клуб 26 тадан учрашувда иштирок этиши керак эди. Қўшма йиғилиш “Оқ-тепа” футбол клуби Регламентда акс этган ўйинлар сонининг тенг ярмида иштирок этмагани учун “Оқ-тепа” иштирокидаги ўйинлар натижасини 0 га тенглаштиришга қарор қилди.
Фикрлар