Расман! Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб ММА бўйича Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади!

Барчага яхши маълум, айни пайтда дунёда жанговар яккакураш спорт турлари орасида ММА (аралаш жанг санъати) шиддат билан ривожланиб, аксарият спорт ишқибозлари диққат эътиборига тушмоқда. Бугунги кунга келиб Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) хаваскор ММА дунёсининг бошқарув ташкилоти бўлиб, унга дунёнинг 123 та давлати аъзо ҳисобланади.

ММА Ўзбекистонда ҳам жуда тез оммалашиб, ёшларимизнинг севимли спорт турларидан бирига айланиб улгурди десак, асло муболаға бўлмайди. Айниқса, 2019 йилда ташкил этилган Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоациацияси (UMMA) ушбу спорт турининг юртимиздаги ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ташкилот Ўзбекистон ҳудудида ММА спорт тури бўйича кўплаб маҳаллий ва халқаро мусобақаларни ташкил этди. Бир қатор иқтидорли ёшлар етишиб чиқди ва ҳозирги кунда дунё ареналарида нуфузли мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоациацияси ва Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ушбу ҳамкорлик натижасида жорий йил Ўзбекистонда илк бор аралаш жанг санъатларининг ҳаваскорлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш керакки, IMMAF ва UFC ўртасида тузилган шартномага асосан, IMMAF хаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда яхши натижалар қайд этган спортчилар UFC билан профессионал шартнома тузиш имкониятига эга бўлади.

Ушбу нуфузли мусобақа олдидан Халқаро аралаш жанг санъатлари (IMMAF) федерацияси президенти Керрит Браун шунингдек Бош ижрочи директори Дэнсин Уайт ҳамда ташкилотнинг Осиё қитъаси директори Виссам Аби Надер жаноблари юртимизга ташриф буюрди. Ташриф давомида халқаро ташкилот рахбарияти юртимиздаги замонавий спорт обьектлари, инфротузилмалар билан яқиндан танишди ва режалаштирилаётган Жаҳон чемпионатининг ташкилий масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири билан ҳам учрашди.

Бугун пойтахтимиздаги "Hilton" меҳмонхонасида Халқаро аралаш жанг санъатлари (IMMAF) федерацияси президенти Керрит Браун, ташкилотнинг Бош ижрочи директори Дэнсин Уайт ҳамда ташкилотнинг Осиё қитъаси директори Виссам Аби Надер жаноблари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шахрилло Маҳмудов ҳамда Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Ташматов ҳам иштирок этди.

Анжуманда жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда илк бор аралаш жанг санъатларининг ҳаваскорлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши расман эълон қилинди. Таъкидлаш керакки, бундай юқори савиядаги турнир Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор ўтказилмоқда ва Ўзбекистон бу борада биринчи бўладиган бўлди.

Матбуот анжумани давомида халқаро ташкилот раҳбарлари ОАВ ходимлари ҳамда спортчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтаришди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!