Расман! Шомуродовга қизиққан мураббий ишдан олинди!
“Болонья” раҳбарияти бош мураббий Синиша Михайловични ишдан олдин. Италия матбуотида тарқатилган бу хабар кейинчалик клуб расмийлари томонидан тасдиқланди.
Синиша Михайлович ёзги трансферлар вақтида жамоасини “Рома”га керак бўлмай қолган Элдор Шомуродов ёрдамида кучайтирмоқчи эди. Сербиялик мутахассис режасига кўра, ўзбек легионери биринчи мавсумда “Болонья”нинг етакчи ҳужумчиси Марко Арнаутович билан ёнма-ён ўйнаб, кейинчалик жамоанинг асосий форвардига айланиши керак эди.
Маълумки, болоньяликлар Шомуродовни олиш учун жиддий курашди. Улар римликлар билан бир неча ҳафта давомида музокаралар олиб борди.
Клуб вакиллари ҳатто “Рома” қўйган талаб, Шомуродовни келаси йил ёзда сотиб олиш мажбуриятини ҳам қабул қилди. Бироқ, томонлар компенсация суммаси борасида келиша олмади.
“Болонья” келаси ёзда ўзбек футболчиси учун 10 миллион евро тўлашини маълум қилди. Римликлар эса ўтган ёзда 18 миллион еврога харид қилинган ўйинчини 14 миллион еврога баҳолади. Кейинчалик “бўрилар” ўз талабини яна икки миллион еврога қисқартирган бўлса-да, бу трансфер амалга ошмай қолди.
А Сериянинг дастлабки ўйинлари Синиша Михайлович ҳужумни Шомуродов орқали кучайтиришни истагани бежиз эмаслигини кўрсатди. Жамоа бешта учрашувда бирорта ғалаба қозона олмади ва атиги уч очко билан кифояланди.
Болоньяликларнинг бешта голи фақат бир футболчи – 33 ёшли Марко Арнаутович ҳисобига ёзилди. Бу натижалар 53 ёшли мураббий Синиша Михайлович учун чиқиш эшикларини очди.
Клуб президенти Жой Сапуто бош мураббийни истеъфога чиқариш қарори осон бўлмаганини таъкидлади.
- Клубнинг Михайлович билан алоқалари мустаҳкамлигига қарамай, бу чорадан қочиб-қутилиб бўлмади.
Бу “Болонья” раҳбари сифатида қабул қилган энг оғир қарорим бўлди. Синиша ҳасталилига қарамасдан ҳам ҳар доим жамоа билан бирга бўлганди. Ўз ишига максимал даражада жиддий қаради.
Афсуски, жамоа мураббийлар штабида ўзгаришлар қиладиган давр келди. Жамоа манфаатини кўзлаб жуда оғир қарорни қабул қилишга мажбур бўлдик, - деди Жой Сапуто.
Синиша Михайлович жамоада 2019 йилнинг бошидан бош мураббий бўлиб ишлаб келаётган эди. Машҳур собиқ футболчи аввал мураббий сифатижа “Спортинг”, “Торино”, “Милан” ва “Сампдория” клубларида ишлаган.
Италия оммавий ахборот воситалари “Болонья” янги бош мураббий сифатида Тьяго Моттани олиб келмоқчи экани ҳақида ёзмоқда.
Бу мутахассис “Специя”ни бошқарган ва шу йилнинг июнида ишдан кетганидан бери ўзига янги иш қидиряпти.
Фикрлар