Расман! “Сурхон” — “Навбаҳор” ўйини Тошкентда ўтади. Мезбон — “Навбаҳор”

Coca Cola Суперлига 10-туридан ўрин олган “Сурхон” — “Навбаҳор” учрашуви 21 июль куни Тошкент шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайти хабар бермоқда.

"Бу борада клублар икки томонлама шартнома имзолади. Карантин тартиби кучайтирилгани, бунинг оқибатида транспортлар билан боғлиқ чекловлар борлигидан келиб чиқиб, шунингдек, футболчиларнинг чилла вақтида Термизгача бўлган узоқ масофани босиб ўтишларини инобатга олиб, ЎзПФЛ бу келишувга қаршилик қилмади", - дейилади хабарда.

Келишувга кўра, биринчи учрашув мезбони “Навбаҳор” клуби бўлади ва у мезбонликка доир барча талабларни бажаради. Томонларнинг иккинчи даврадаги ўзаро ўйинлари ҳам Тошкентда ўтади ва унда “Сурхон” мезбонликнинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

10-турнинг мазкур ўйини “Локомотив” стадионида бўлиб ўтади ва аввалдан белгилаб қўйилгани каби 19:00 да старт олади. U-21 жамоалари ўртасидаги учрашувга эса “Бунёдкор” академияси мезбонлик қилади. Учрашув 18:00 да старт олади.

Қайд этиш жоиз, кеча мазкур хабар аввалига “Навбаҳор”, кейин эса “Сурхон” матбуот хизмати томонидан чоп этилди. ПФЛ ушбу ҳолатга ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

"У вақтга келиб, “Навбаҳор” футбол клуби “Локомотив” клуби билан келишувни ЎзПФЛга тақдим этиб улгурмаган эди. Биз ҳамкасбларимизнинг тезкорликка бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уларга иш расман ҳал бўлганидан кейингина мухлислар учун маълумот тақдим этишларини тавсия қиламиз", - дейилади хабарда.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)