Равшан Эрматов ФИФАнинг техник маслаҳатчиси билан янги режаларни муҳокама қилди
Эътибор бераётган бўлсангиз, охирги пайтларда ЎФА раҳбарияти футболга алоқадар хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлик бўйича турли учрашувлар ўтказиб келмоқда. Навбатдагиси ҳам бундан мустасно эмас.
ЎФА матбуот хизматининг хабарига қараганда, ФИФА тузилмасида фаолият олиб бораётган тажрибали мутахассис, ташкилотнинг Марказий Осиё давлатлари ассоциациялари техник бўлимлари билан ишлаш бўйича масъул Гаёз Дарсадзе Ўзбекистон футбол ассоциациясига ташриф буюрди. ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, мутасадди ва мутахассислар ҳамда Гаёз Дарсадзе иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашувда дастлаб, Ўзбекистон футболида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. ФИФА ҳамда ЎФА ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ишонч ва ҳурмат асосида қурилган эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шундан кейин ФИФА вакилига Ўзбекистон футбол ассоциациясининг техник бўлими, унинг фаолияти, жорий йилда соҳани ривожлантириш йўлида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги лойиҳа ҳамда режалар ҳақида маълумотлар берилди.
Мамлакатимизда болалар, аёллар ва пляж футболи ҳамда футзални ривожлантириш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди. 2022 йилда хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда спортчилар билан илмий-таҳлилий курслар ва семинарлар ўтказиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, суҳбат давомида Дарсадзе замонавий футбол ривожида мазкур соҳанинг ўрни алоҳида экани, бу тизимни йўлга қўйиш мамлакат футболининг ривожланиши учун хизмат қилишини таъкидлади.
Томонлар келажакдаги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканликларини билдириб, 2022 йилга мўлжалланган футболни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб олишди.
ЎФА матбуот хизмати.
Фикрлар