Равшан Эрматов ҳакамлар масаласига танқидий ёндашяпти ёхуд соҳага доир янгиликлар бор
Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида Cоcа-Cоlа Суперлига ҳакамлари учун семинар бўлиб ўтмоқда. Бу хусусда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази расмий телеграм канали хабар бермоқда. Семинарни ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов очиб берди ва ўз нутқи давомида мамлакатимизда ҳакамлик даражаси сезиларли пасайгани жамоатчилик томонидан ҳам қайд этилаётганини айтиб, масалага танқидий ёндашиш лозимлигига урғу берди.
Семинар давомида ФИФА ўйин қоидаларига оид янгиликлар эълон қилинди. Шунингдек, тажрибали экспертлар томонидан тайёрланган видеороликлар ёрдамида ҳакамларнинг сўнгги вақтлардаги хатти-ҳаракатлари таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази директори Лазиз Қўчқоров сўзга чиқиб, марказ очилганидан буён ҳакамликни ривожлантиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилгани, бироқ шунга қарамай футбол жамоатчилигида ҳакамларга ишончсизлик билан қаралаётганига эътибор қаратди.
Семинар давомида эътиборга молик янгиликлардан Азиз Асимов ФИФАдаги ўрнини Раҳимбек Каримовга бўшатиб бергани бўлди. Бу ўз навбатида ёш ҳакамларга бўлган ишонч бўлиб ихтиёрий тарзда амалга оширилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Cоcа-Cоlа Суперлига ёрдамчи ҳакамларининг гонорари оширилгани семинар иштирокчилари томонидан илиқ кутиб олинди. Истиқболда Про лига ёрдамчи ҳакамлари ва назоратчиларнинг ҳам гонорарлари оширилиши маълум қилинди.
Куннинг иккинчи қисмида эса ВАР бўйича зарурий услубий тавсиялар берилди. Семинарда Владислав Цейтлин, Валентин Коваленко ва Бобур Ҳайдаров каби тажрибали мутахассислар иштирок этишди.
Фикрлар