Равшан Эрматов Ўзбекистон U-18 ва Олимпия терма жамоаларининг кейинги йил режалари билан танишди

ЎФА матбуот хизматининг хабарига қараганда, биринчи вице-президент Равшан Эрматов Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг бош мураббийи Тимур Кападзе билан биргаликда кейинги йилги тайёргарлик режаларни кўриб чиқди.

Хабарингиз бор, Олимпия терма жамоамизни 2022 йилда иккита йирик мусобақа – мамлакатимиз майдонларида бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати ва Ханчоудаги Осиё ўйинлари кутиб турибди.

ЎФА биринчи вице-президенти мазкур нуфузли мусобақаларга тайёргарлик режалари билан танишиш мақсадида мураббийлар штаби билан суҳбатлашди. ЎФА томонидан футболчиларимизнинг олдинда турган турнирларга сифатли ва тизимли тайёргарлик кўришлари учун барча шароитлар яратиб берилиши маълум қилинди.

эрматов ёшлар

Шундан кейин Эрматов Ўзбекистон U-18 терма жамоасининг машғулотларига ташриф буюрди. Тажрибали мутахассис Равшан Ҳайдаров қўл остидаги ушбу жамоани ҳам бир қанча муҳим турнирлар кутиб турибди. Хусусан, вакилларимиз кейинги йили Осиё чемпионатининг саралаш баҳсларида иштирок этиш билан бир қаторда, 2023 йилда бўлиб ўтадиган U-20 жаҳон чемпионати йўлланмаси учун ҳам кураш олиб боришади.

Равшан Эрматов футболчилар билан суҳбатда мазкур турнирларга жиддий тайёргарлик кўриш кераклигини, бунинг учун ҳар куни ўз устида ишлаш зарурлигини таъкидлаб, терма жамоа аъзоси бўлиш ҳар бир футболчи учун шараф ва азалий орзуси эканлигига эътибор қаратди. Бу борада ҳозирданоқ профессионализм, интилиш ва меҳнатсеварликни ўзида мужассам қилиб бориш зарурлиги айтилди.

Ушбу жамоани кейинги йилга тиғиз тайёргарлик тақвими кутиб тургани сабабли мусобақаларга тиббий, жисмоний, руҳий, техник ва тактик томондан тайёргарлик олиб бориш бўйича мураббийларга топшириқлар берилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!