Равшан Эрматов терма жамоа мураббийлар штаби билан Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон 17-25 сентябрь кунлари аёллар ўртасидаги Осиё чемпионати саралаш баҳсларига мезбонилк қилади. Мамлакатимиз аёллар миллий терма жамоаси ҳам ушбу мусобақада иштирок этади.
Вакилларимиз саралаш босқичи учрашувларига тайёргарлик режасига асосан Туркия, Беларусь ва юртимиз майдонларида ўқув-машғулот йиғини ташкил этиб, Африка чемпиони ҳисобланган Нигерия, Экваториал Гвинеяси, шунингдек, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон каби терма жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари ўтказди.
Бугун ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси мураббийлар штаби билан учрашиб, муҳим турнирга тайёргарлик жараёни ва ташкилий масалаларни муҳокама қилди.
Йиғилиш аввалида саралаш босқичига тайёргарлик доирасида ўтказилган халқаро ўртоқлик учрашувлари натижалари таҳлил этилди ҳамда кейинги ўйинлар режалари кўриб чиқилди. Зарур тиббий воситалар билан таъминлаш, витаминизация, тиббий кўрикдан ўтказиш, футболчиларнинг жисмоний ва функционал ҳолатини мониторинг қилиб боришда замонавий технологиялардан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, мазкур турнирга масъул ташкилий қўмита мутахассислари билан мусобақа ташкилотчилигига доир бир қатор масалалар, хусусан, футбол майдонларини турнирга ҳозирлаш, ўйинлар олдидан амалга ошириладиган ташкилий ишларни тизимли йўлга қўйиш ва мавжуд камчиликлар устида ишлаш бўйича топшириқлар берилди.
ЎФА матбуот хизмати.
Фикрлар