Равшан Эрматов Венгрияда йиғин ўтказаётган терма жамоамиз билан учрашди
ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Венгрияга қарши баҳс олдидан аёллар миллий терма жамоаси аъзолари билан учрашди.
Суҳбат давомида ЎФА томонидан сўнгги пайтларда аёллар футболини оммавийлаштириш, мавжуд шароит ва камчиликларни ўрганиб бориш ҳамда уларни бартараф этиш, босқичма-босқич ривожлантириш борасида тизимли ишлар қилинаётгани таъкидланди.
Хусусан, аёллар миллий терма жамоаси олдига Олимпиада ва Жаҳон чемпионатида иштирок этиш вазифаси қўйилгани, бу йўлда халқаро майдонда ўз ўрнига эга жамоалар билан учрашувлар ўтказиб, доимий тажриба орттириб бориш муҳим эканлиги айтиб ўтилди. Илгари аёллар жамоаси билан бу каби ўйинлар ташкил этиш муаммо бўлгани, эндиликда бу масалада олдинга қадамлар ташлангани қайд этилди.
Шунингдек, футболчи ва мураббийлар билан суҳбатда ижобий натижаларга эришиш учун ЎФА томонидан барча зарур шароитлар тақдим этилиши маълум қилинди. Ўз ўрнида жамоамизнинг бир қатор етакчи футболчилари ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди. Мураббийлар штаби билан тайёргарлик жараёни ва жамоанинг машғулотлари ҳамда айни пайтдаги ҳолати хусусида суҳбатлашилди.
Тиббий штаб томонидан футболчиларнинг соғлиги, тикланиши ва витаминизациялаш жараёни борасида маълумотлар эшиттирилди. Футболчиларга энг замонавий, юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётини давом эттиришга кўрсатма берилди.
ЎФА матбуот хизмати
Фикрлар