Равшан Ҳайдаров: "Ҳозирги пайтда бундай расмий ўйинларни қидириб топиш қийин"

Бугун U-20 Осиё чемпионати саралаш беллашувларига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Ўзбекистон U-20 терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров қуръа ҳақида ЎФА матбуот хизматига ўз фикрларини билдириб ўтди.

- U-20 чемпирнатига қуръа ташланди. Хабарингиз бор, бу мусобақа келаси йили юртимизда ўтказилади. Пандемия даврида қолиб кетганди. Афсуски, бу ёш авлод футболчиларида узилиш бўлди ва орада битта чемпионатни ўтказиб юборишган.

Мусобақани ўз уйимизда қабул қилишимиз муносабати билан саралаш учрашувларини аҳамияти йўқдек. Бироқ биз бу саралаш ўйинларига жиддий қараяпмиз. Ҳозирги замонда бундай расмий ўйинларни қидириб топиш жуда қийин. Гуруҳ баҳсларида қатнашмаслигимиз ҳам мумкин эди. Лекин қатнашишни хоҳладик. Жамоаларни кучини билиб, ўзимизни синаб кўриш, турнир аҳамиятини ҳис қилиш тарафдан ўйлайманки, ушбу саралаш учрашувлари бизга асқотади.

Тайёргарлик жараёни кетяпти. Саудия Арабистони жой олган гуруҳга тушдик. Ўйинлар Саудиядаги Даммам шаҳрида ўтади. Бундан ташқари, Хитой, Мальдив, Мьянма жамоалари билан қизиқарли куч синашишлар бўлади.

Жамоаларни кучи борасида бирор-бир тайинли гап айтиш қийин. Давлатларда футболга қандай эътибор берилган, қандай тизим бўйича иш кетаётганига қараб бу жамоаларни кучига баҳо бериш мумкин. Саудия Арабистони тизимли равишда ишлайди. Ҳар бир ёшдаги жамоалари мавжуд, турли мусобақаларда иштирок этишади. Шуларни ўзидан ҳам Саудияни кучли рақиб дейиш мумкин. Хитой ҳам худди шундай тизимли равишда ишлаётган мамлакатлардан бири. Футболга катта эътибор қаратиляпти. У ерда ҳам болалар футболига жиддий аҳамият қаратилади. Балки пандемия орқали узилишлар бўлгандир, аммо ички равишда ишлар давом этаётган бўлиши керак. Қолган жамоалар ҳам жиддий рақиб.

ФИФА кунларидан фойдаланиб, ассоциациямизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу жамоамиз шакллантирилмоқда ва биринчи бор четга чиқиш арафасида турибмиз. Озарбайжонда иккита ўйин режалаштирилган. Ундан кейин Беларусга ўтиб, у ерда ҳам иккита учрашув ўтказилади. Шу ўйинлар орқали жамоамизнинг савиясини, халқаро ўйинларга қанчалик тайёрлигимизни биламиз. Шу йўл орқали ўсишда давом этишимиз керак, - дейди Ҳайдаров.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!