Райҳон, концерт ва қисман футбол (фоторепортаж)

Турнинг дастлабки ўйини Андижонда кечди. Унда маҳаллий "Андижон" жамоаси "Насаф"ни қабул қилди. "Соғлом авлод" стадионида кечган қарама-қаршиликда мезбонлар 3:1 ҳисобида зафар қучишди.

Эътиборлиси, мазкур баҳснинг иккинчи бўлими аввалида жуда ҳам ғалати ҳодиса рўй берди. Гап шундаки, танаффус вақтида "Божалар" ва Райҳон иштирокидаги концерт дастури бўлиб ўтди.

Яхши биласиз, футболда танаффус 15 дақиқа бўлади ва жамоалар шунча вақт ичида яна стадионга қайтиб чиқишлари керак бўлади. Бу сафар ҳам Равшан Эрматов бошлиқ ҳакамлар бригадаси ва икки жамоанинг 22 футболчиси танаффусдан сўнг яшил майдонга чиқиб келишди. Бироқ орадан 5 дақиқа ўтса ҳамки, иккинчи тайм бошланмади.

Гап шундаки, Райҳон иштирокидаги концерт дастури давом этаверди ва футболчи ҳамда ҳакамлар даставвал қўшиқ тугашини кутиб туришди. Лекин учинчи тарона тугаб, тўртинчиси бошлангач мухлислар, футболчилар ва учрашув расмийларининг тоқати тоқ бўлди ва Эрматов тўртинчи қўшиқ тугашини кутиб ўтирмасдан, иккинчи бўлимга старт берди. Бир ёқда Райҳон куйламоқда, майдонда эса футбол бўлмоқда...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!