«Реал» билан Бернарду Силва шартномасининг тафсилотлари очиқланди
«Реал Мадрид» яқин вақтларда «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Бернарду Силвани ўз сафига қўшиб олади. Бу ҳақда Transfer News Live инсайдер Фабрицио Романо маълумотига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, 31 ёшли португалиялик футболчи «Манчестер Сити» билан шартномаси якунлангач, эркин агент сифатида жамоани тарк этади ва мадрид клуби билан уч йиллик шартнома имзолайди.
Манбанинг қайд этишича, Бернарду Силванинг «Реал»даги йиллик маоши 20 миллион еврони ташкил этади. Бундан ташқари, футболчи 10 миллион евро миқдорида имзолаш бонуси олади. Унинг агенти Жорже Мендеш ва отасига эса умумий ҳисобда яна 10 миллион евро миқдорида комиссия тўланиши режалаштирилган.
Ўтган мавсумда хавбек «Манчестер Сити» таркибида барча мусобақалар доирасида 53 ўйинда майдонга тушди, 3 та гол урди ва 5 та голли узатма амалга оширди. Бернарду Силва 2017 йилдан бери инглиз клуби шарафини ҳимоя қилиб келар экан, жамоа билан биргаликда жами 19 та совринни қўлга киритди. Уларнинг орасида олти марта Англия чемпионлиги ва бир марта Қитъа чемпионлар лигаси ғалабаси ҳам бор.

Фикрлар