
“Реал” Гвардиолани хавотирга солиб қўйди
“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жамоадаги энг ишонган футболчиларидан бири Родрини қўлдан чиқариши мумкинлигидан хавотирда.
Родри жамоада муҳим фигура. Шу боис, клуб унинг шартномасини яна икки мавсумга, яъни 2029 йилнинг 30 июнигача узайтирмоқчи.
Агар испан футболчиси клуб таклифини қабул қилса, Европада энг катта маош оладиган ярим ҳимоячига айланади. Аммо “шаҳарликлар”нинг бу уринишлари Родрининг жамоада қолишини кафолатламайди.
“Олтин тўп”нинг амалдаги соҳибини “Реал” ўз сафига чорлаяпти. “Қироллик клуби” хўжайини Флорентино Перес зарурат туғилса, Родри билан шахсан ўзи музокара олиб боришини таъкидлади.
“Реал”нинг қизиқиши фонида Родри “Манчестер Сити” таклифини ҳали қабул қилгани йўқ. Экспертлар 29 ёшли ярим ҳимоячи ҳали келажаги борасида якуний тўхтамга келмаганини таъкидлаяпти.
Мадридликлар бош мураббийи Хаби Алонсо айни пайтда жаҳон футболида Родри даражасидаги бошқа ярим ҳимоячи йўқлигини алоҳида эътироф этди.
Фикрлар