
“Реал” Ҳусановнинг жамоадоши учун икки юлдузини беради
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов клублар миқёсидаги фаолиятини “Манчестер Сити”да давом эттираётгани боис ўзбекистонлик мухлислар ушбу жамоага оид хабарларни алоҳида қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
Sports.uz портали буни инобатга олган ҳолда “шаҳарликлар” атрофида бўлаётган қизиқарли маълумотларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилишни давом эттиради.
Ўтган мавсумда нуфузли совринлардан қуруқ қолган “Реал” ёзги трансферлар даврида таркибини сезиларли даражада кучайтиришга ҳаракат қиляпти.
“Қироллик клуби”нинг навбатдаги трансфер нишони “Олтин тўп”нинг амалдаги соҳиби Родри ҳисобланади. Испаниялик ярим ҳимоячи ўтган мавсумда жароҳат туфайли “Манчестер Сити” ўйинларида иштирок эта олмади. Айни пайтда оғир жароҳатдан қутилиб, формасини тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Caught Offside нашрининг ёзишича, мадридликлар Родрини янги бош мураббий Хаби Алонсо амалга ошираётган янги лойиҳанинг асосий фигурасига айлантиришга тайёр. Бу футболчи жамоанинг тактик схемаларини мустаҳкамлай олиши айтилмоқда.
Мадрид клуби ўз режасини амалга ошириш учун Родри ўрнига “Манчестер Сити”га бирданига икки ўйинчисини беришни режалаштиряпти. “Реал” рокировкага қўшмоқчи бўлаётган Родриго Гоэс ва Эдуардо Камавингага “шаҳарликлар” анчадан бери қизиқиш билдириб келади.
Бундан ташқари, испан клуби “Манчестер Сити”га 40 миллион евро миқдорида бадал пулини қўшиб тўлашга розилигини ҳам маълум қилди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, “Манчестер Сити”нинг Родри бўйича ўз режаси бор. Манчестерликларни “Реал” таклифи қизиқтиргани йўқ. Клуб 29 ёшли футболчини жамоанинг асосий устунларидан бири сифатида қадрлайди ва унга 2030 йилнинг ярмигача давом этадиган янги шартнома бериш бўйича иш олиб бормоқда.
Родрининг амалдаги битими эса, 2027 йилнинг 30 июнигача тузилган.
“Манчестер Сити” посбонига учта даъвогар чиқди
Хосеп Гвардиола жамоасига янги дарвозабонни таклиф этди. Аниқроғи, “шаҳарликлар” ўзлари тарбиялаган 22 ёшли голкипер Жеймс Траффордни “Бёрнли”дан ортга қайтарди.
Иқтидорли дарвозабон трансфери манчестерликларга 27 миллион еврога тушди. Энди клуб таркибдаги икки тажрибали дарвозабон – Эдерсон ва Штефан Ортегадан бирини сотиб юборишга тайёр.
Экспертларнинг таъкидлашича, асосий дарвозабон вазифасини бажариб келган Эдерсон катта эҳтимол билан бу мавсум ҳам “Сити”да қолади. Бу вазиятда Штефан Ортега ўзига бошқа жамоа топиши керак.
Германиялик кипер Ортегани Англия Премьер-лигасининг учта клуби сўраётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Ҳозирча даъвогар клублар номи ошкор қилиняпмаяпти.
Sky Sport Germany нашрининг маълум қилишича, Ортегани Туркиянинг кучли клубларидан ҳисобланган “Фенербаҳче” ҳам олишга ҳаракат қиляпти. Турклар 32 ёшли дарвозабон трансфери бўйича “шаҳарликлар” билан музокара бошлагани айтилмоқда.
Фикрлар
https://temu.com/u/fNWdxoGMgbYDnekD