"Реал" Италияда испан клубларининг нохуш анъанасига чек қўя оладими? (превью)

Европа Чемпионлар Лигаси ортда қолган учрашувлари давомида испан клубларининг муваффақиятсизликка учраганига гувоҳ бўлдик. "Барселона" майдонига ташриф буюрган ПСЖ йирик ҳисобдаги ғалаба билан ортга қайтди. Шунингдек, "Боруссия" Дортмунд ва "Челси" ҳам Ла Лига жамоасини мағлуб этди. Ўз вақтида ушбу мамлакат клублари "кўҳна қитъа"да кетма-кет совринларни ҳеч кимга бермай келгани яхши эсимизда. Энди эса вазият бироз ўзгарди. Лекин бутунлай дейиш ниятидан йироқмиз. Сабаби, бугун "Реал" бутун миллат жамоалари номи учун ҳам майдонга чиқади ва бу қўшимча мотивация бўлиши аниқ. Бундан ташқари, "Қироллик клуби" ЕЧЛ совринлари бўйича пешқадам саналади. Бироқ Гасперини бошчилигидаги "Аталанта" ҳам қорбобо қопидан тушиб қолган совға эмас. Аксинча, улар йўлдан чиққан зирапча, таом ичидаги тош ва аутсайдернинг "lucky punch" зарбаси. Табиийки, сизда яна бошқа вариантлар бор. Биз эса бугун майдонга чиқиб келадиган ҳар икки томоннинг нега бундай таърифланаётганини тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрамиз.
 
photo5887798412584266686

"Аталанта"

Бергамоликлар учун ҳаммаси ажойиб, бир қарашда. Яхши таркиб, сўнгги ўйинлардаги муваффақиятли натижалар, қувноқ футбол ва голга ташна футболчилар. Боз устига, таркиби катта талофатларга учраган рақиб. Гасперини шогирдлари учун жуда қулай рақиб дуч келди дейиш мумкин. Муҳтарам "Реал" Мадрид тарафдорлари, бу гапдан кейин турли хил ҳақоратлар ёғдиришга шошилмай туринг! Шунчаки, "қаймоқранглилар" бу мавсум аутсайдерларга қарши ўйинларни бой бераётганининг ўзи фикримизни исботлай олади. Гуруҳ босқичининг ўзида камтаргина "Шахтёр" Зидан жамоасини ҳар икки баҳсда мағлуб этди. Бундан ташқари, Мёнхенгладбахнинг "Боруссия"си ҳам мадридликлардан очко тортиб олишга эришди. Бу ҳам етмаганидек, "Реал"да ҳозир жиддий кадрлар муаммоси юзага келган. Ҳимоядаги бўшлиқлар "Аталанта" ҳужумчилари учун қўл келиши шубҳасиз. Шу ўринда яна бир қизиқарли фактга эътиборингизни қаратмоқчимиз: "Аталанта" сўнгги 4 ўйинда 11 та гол урди. Клубнинг кайфияти аъло даражада. Уларнинг охирги "қурбон"и ҳам кучсиз бўлмаган "Наполи" эди. Демак, бугунги тўқнашув олдидан бу томондан кўнглимиз тўқ!
 
06649a1b-1ab6-4d53-b319-5b0795716876

Тахминий таркиб: Голлини, Жимсити, Ромеро, Толой, Госенс, Фройлер, де Рон, Мехле, Пессина, Муриэль, Сапата.

Жан-Пьеро Гасперини: Илгари "Реал" билан дуч келмаган эдик. Рақибимиз қай даражада кучли эканлигини эртанги ўйин кўрсатиб беради. Бу дунёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Аммо биз ҳам бу каби ўйинларда ўз кучимизга таянамиз. Биринчи беллашувдаги ғалаба ажойиб имконият тақдим этади. Бироқ эҳтиёткорликни ҳам эсдан чиқариш мумкин эмас.
 
photo5887473494013356952
 
"Реал"

Юқорида мадридликларнинг муаммолари ҳақида гапириб ўтдик. Келинг, бу ҳақда батафсилроқ тўхталамиз. Жорий мавсум "Қироллик клуби" катта жамоалар билан яхши ҳаракат қилаётган бўлса-да, ўзидан кучсиз клубларга қарши анча қийналяпти. Боз устига, асосий таркибда ҳаракат қилишга даъвогар 10 га яқин футболчи турли сабаблар билан сафдан чиққан. "Қаймоқранглилар" сардори ва устуни Серхио Рамос, тўпурар Карим Бензема, энг қиммат трансфер Эден Азар, келажак ишониб топширилаётган Родриго, Вальверде каби футболчилар ўйин қайдномасидан ўрин олмади. Ундан ташқари, ҳозир асосий таркиб ўринбосарларида ҳам муаммолар мавжуд ва улар ҳам Италияга келмаган. Бу эса Зидан учун жуда катта бош оғриқ, деб иккиланмай айтиш мумкин. Бундай ҳолатдан Зидан қандай чиқиб кетади? Бу муаммонинг ечими барчага қизиқ ва унга Тошкент вақти билан 01:00 да бошланадиган ўйин орқали жавоб олишимиз мумкин.
 
photo_2020-12-13_16-05-51
 
Тахминий таркиб: Куртуа, Менди, Варан, Начо, Васкес, Каземиро, Кроос, Модрич, Винисиус, Асенсио, Диас.
 
Зинедин Зидан: Биз учун бошқача ўйин бўлади. Чунки "Аталанта" зига хос ишларни амалга ошира оладиган жамоа ҳисобланади. Баҳсга мослаша олишимиз лозим. Рақиб жисмоний жиҳатдан кучли ва ҳужумда яхши ҳаракат қилади. Уларни яхшилаб ўрганиб чиқдик ва эртага майдондан ғалаба билан чиқишга ҳаракат қиламиз.
 
15273696538179
Жавоҳир Азимов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!