
"Реал" муҳим футболчиси билан шартномани узайтириш арафасида
Мадриднинг "Реал" клуби Тибо Куртуа билан узоқ муддатли ҳамкорликни давом эттириш ниятида.
"Қироллик клуби" белгиялик дарвозабон Куртуа билан амалдаги шартномани яна икки мавсумга узайтириш ниятида. Бу ҳақда "Relevo" нашри хабар берди.
Манбага кўра, 32 ёшли голкиперга 2028 йилгача бўлган янги келишув таклиф қилинган. Клуб раҳбарияти Куртуани ҳали ҳам асосий дарвозабон сифатида кўрмоқда ва уни бу позиция учун энг яхши номзод деб ҳисоблашмоқда.
Қолаверса, "Реал" бу гал ўзининг анъанавий қоидасидан четга чиқмоқда. Оддий ҳолда клуб 30 ёшдан ошган футболчилар билан фақат бир йиллик шартномалар тузади. Аммо Куртуа ҳолатида истисно қилинмоқда.
Ҳозирча томонлар расмий равишда имзо чекмаган, аммо музокаралар бир неча вақтдан бери олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Тибо 2018 йили "Реал" сафига қўшилган ва 2021 йили клуб билан беш йиллик шартнома имзолаган эди.
Фикрлар