"Реал" нега Анчелотти билан шартномани янгилади?
Бразилия терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизликдан сўнг жамоа бош мураббийи Титени ўз лавозимидан озод қилиб, унинг ўрнига янги мутахассис излашни бошлади. Шу билан бирга, раҳбарият Карло Анчелотти билан келишиб қўйганини ва терма жамоани вақтинчалик Фернандо Динис бошқариб туришини маълум қилди. Уларнинг режасига кўра, италиялик мураббий Бразилияни "Копа-2024" турнири бошланиши арафасида қабул қилиб олиши керак эди. Аммо айни пайтга келиб барчаси ўзгариб кетди. Карло "Реал" билан 2026 йилгача янги шартнома имзолаб, Мадридда қоладиган бўлди. Шу ўринда савол туғилади, нега "қаймоқранглилар" мавсум ўртасига келибгина Анчелотти билан битимни янгилашни ўйлаб қолди, ўзи ростан ҳам бразилияликлар билан келишувга эришилганмиди, "Реал"нинг кейинги режалари қандай?
"Реал" ёзда Карлонинг ўрнига янги мураббий излади ва вариантлар орасида Рауль, Хаби Алонсо каби клуб афсоналари ҳам бор эди. Раҳбарият эса шошилмади, балки Карлони ҳурмат қилган ҳолда уни амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзига қадар қолиши, агарда мавсум бошида яхши ишласа, янги битим таклиф қилишни режалаштирган. "Қаймқоқранглилар" эса айни пайтда Ла Лигада 1-ўринда турибди. "Жирона" билан курашаётган ва "Барса", "Атлетико"лардан анча олдинлаб кетган жамоа Чемпионлар лигасида 6 та учрашувнинг барчасида ғалаба қозонишга муваффақ бўлди. Камига таркибда сезиларли йўқотишлар бор: Арда Гюлер ҳали дебют ўйинида майдонга тушишга улгурмади, Винисиус ва Камавинга 12 ноябрь, Тчуамени эса 28 октябрдан бери жамоага ёрдам бера олмаяпти. Милитао ва Куртуаларни айтмаса ҳам бўлаверади. Орада ижарага олиб келинган Кепа ҳам сафдан чиқди. Аммо бу "Қироллик клуби"га ҳеч қандай тўсиқ бўла олмади. Карло эса нолимай, ишлашда давом этди ва Диас, Пац, Лунин каби футболчиларга имкониятлар берди. Айнан мана шу омил ҳам раҳбариятга маъқул тушиб, уни нафақат шартнома муддатини узайтирди, балки ишдан бўшатилган тақдирда ҳам клубда бошқа лавозимда ишлаш имкониятини берди.
Эндиликда Карло истеъфога чиқса ҳам, Мадридда қолиши мумкин. Бундай ҳолат сўнгги бор Сантьяго Солари билан бўлган. У мураббийликдан бўшатилгач, раҳбарият бошқа иш таклиф қилган, лекин аргентиналик кўнмаганди. Орадан йиллар ўтиб, Солари "Реал"нинг янги спорт директорига айланиш арафасида.
Барчани қизиқтираётган яна бир савол: Анчелотти ростан ҳам Бразилияни бошқаришга рози бўлганми? "Relevo" нашри хабар беришича, бундай ҳолат бўлмаган. Мураббийнинг "пентакампеонлар" билан келишувга эришгани борасида миш-мишлар чиққанидан сўнг "Реал" Карло билан боғланиб, вазиятни билмоқчи бўлганида италиялик мутахассис бу тўғри эмаслигини, ҳали ҳеч нарса аниқмаслигини айтган. Шундан кейингина раҳбарият янги мавсумни у билан бошлашга қарор қилган. Янги шартномани тезроқ имзоланишининг яна бир сабаби, энди мураббий бошқа ишлар билан чалғишини ва тез орада яна интернетни эгаллаши мумкин бўлган Бразилия ҳақидаги миш-мишларни олдини олишдир.
Энди Анчелотти "Реал"даги кейинги ҳаракатлар ҳақида ўйлаши керак. Ҳозир таркибда жароҳат олмаган иккита марказий ҳимоячи қолган. "Мальорка" билан бўладиган ўйинда Начо жамоага қизил карточкаси сабаб ёрдам бера олмайди. Милитао баҳорда, Алаба бўлса ёзда сафга қайтади. Олдинда эса катта учрашувлар кутиб турибди. Шундай экан, бу муаммони ечиш учун бош қотириши вақти келди. Шунингдек Мбаппе мавзусига ҳам нуқта қўйадиган пайт ҳам келди.
Фикрлар