«Реал» Негрейра иши бўйича УЕФАга хат юборди
Мадриднинг «Реал» клуби раҳбарияти Негрейра иши бўйича қўлларида далиллар борлигини расман маълум қилди ва бу ҳақда УЕФАни хабардор этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати «оқлар»нинг расмий сайти орқали хабар берди.
Клуб баёнотида таъкидланишича, «Барселона» томонидан Испания Ҳақамлар техник қўмитасининг собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага амалга оширилган «шубҳали тўловлар»ни тасдиқловчи маълумот ва ҳужжатлар мавжуд. «Реал» ушбу ҳолат юзасидан УЕФА томонидан аввал бошланган текширувни дарҳол қайта тиклашга чақирди.
Мадрид клуби бу ишни чўзиб юборишни мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат, деб баҳоламоқда. Клубга кўра, жараённинг чўзилиши футболга, унинг тизимлари ва раҳбариятга бўлган ишончни жиддий равишда заифлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда «Барселона»га пора олиш ва пора бериш билан боғлиқ айбловлар қўйилган эди. ОАВ маълумотларига кўра, 2001 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда каталонияликлар Негрейрага пул ўтказиш учун турли воситачи фирмалардан фойдалангани иддао қилинган.
«Барселона» ҳозирги вақтда Испания чемпионатида амалдаги чемпион ҳисобланади. «Реал» Мадрид эса 2025/2026 йилги мавсум якунига кўра Ла Лигада иккинчи ўринни эгаллади.

Фикрлар