"Реал" ўз уйида ишончли ҳисобда ғалаба қозониб, пешқадамларга етиб олди

Ла Лига 19-туридан ўрин олган "Реал" - "Атлетик" учрашуви ўтказилди. Ушбу баҳс жамоалар январь ойида Испания Суперкубогида иштирок этиши туфайли, бироз эрта ўтказилди. "Альфредо Ди Стефано" стадиони мезбонлик қилган баҳс мадридликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Дастлаб, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада Тони Кроос жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очган бўлса, иккинчи таймни нисбатан фаолроқ бошлаган меҳмонлар 52-дақиқада Андер Капанинг аниқ зарбаси билан тарози паллаларини тенглаштиришга эришди.

Бироқ ғалаба учун кўпроқ ҳаракат қилган, қолаверса, 13-дақиқадан бошлаб бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган "қаймоқранглилар" 74-дақиқада ҳисобда олдинга ўтиб олди. Карвахалнинг узатмасини Бензема боши билан дарвозага киритди. Айнан франциялик ҳужумчининг ўзи ўйинсўнгида дублни расмийлаштириб, якунда жамоасига ғалаба келтирган голларга муаллифига айланди.

Ушбу муҳим ғалабани қўлга киритган "Қироллик клуби" очколари сонини 26 тага етказиб, турнир жадвали пешқадамлари "Реал Сосьедад" ҳамда "Атлетико"ни қувиб етди ва кучли учликка якун ясади. "Атлетик"нинг очколари 14 талигича қолди ва улар 13-поғонани банд этган.

  • 90+3'

    Учрашув якунланди. Матнли трансляция Жавоҳир Азимов томонидан олиб борилди!

  • 90+2'

    ГОООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ўйинга нуқта қўйди!

    Тезкор қарши ҳужумга ўтган мадридликлар ўз мақсадига етди. Бенземанинг узоқ бурчакка йўллаган зарбасини дарвозабон қайтара олмади.

  • 90+2'

    Куртуа яқин масофадан зарба берган Весганинг уринишини қайтаришга муваффақ бўлди.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 3 дақиқа қўшиб берилди.

  • 88'

    Иско қулай имкониятдан фойдалана олмади. Родриго узатган тўпга испаниялик хавбек зарба беролмади.

  • 86'

    "Реал" ҳужумларидан кескинлик йўқолди. Улар олдинги чизиқда бемазмун ҳаракат қиляпти.

  • 83'

    Меҳмонлар бурчак тўпидан унумли фойдалана олмади.

  • 81'

    Ўйин ҳар икки томоннинг хавфли ҳужумлари билан давом этмоқда.

  • 79'

    Бенземага нисбатан ишлатилган қўполлик учун Йерай огоҳлантирилди.

  • 76'

    Лукас Васкес ўрнига Родриго ўйинга қўшилди.

  • 74'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ҳисобда олдинга ўтиб олди!

    Жарима майдонига етказиб берилган тўпни Бензема дарвозага киритди.

  • 72'

    Мадридликлар катта куч билан олдинга ўтмоқда. Бироқ аксарият вазиятлар зарбагача етиб бормаяпти.

  • 70'

    Карвахаль ҳужумда қоида бузди.

  • 69'

    "Реал" футболчиси воқеалар ривожидан илгарилаб кетди.

  • 67'

    Венседор ҳамда Уильямс захирага олинди. Улар ўрнига Весга ва Вильялибре майдонга тушди.

  • 65'

    Крооснинг бу сафарги зарбасини дарвозабон ушлаб олди.

  • 63'

    Винисиус ҳамда Валверде ўрнига Асенсио ва Иско ўйинга қўшилди.

  • 60'

    Ферлан Мендининг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 59'

    Иниго Кордоба Алекс Беренгерни алмаштирди.

  • 57'

    Зидан шогирдлари эрта прессинг уюштириб, рақибни хато қилишга мажбур қиляпти.

  • 56'

    Гол ўтказиб юборган "Реал" босим уюштиришда давом этмоқда. 

  • 54'

    Винисиуснинг голи ўйиндан ташқари ҳолат туфайли инобатга олинмади. Айнан унинг ўзи воқеалар ривожидан илгарилаб кетганди.

  • 52'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Атлетик" ҳисобни тенглаштирди!

    Рақиб жарима майдонида юзага келган бўшлиқдан фойжаланган Андер Капанинг биринчи зарбасини Куртуа қайтарди. Такрорий зарба йўлига ҳеч ким ғов бўлолмади.

  • 50'

    Меҳмонлар иккинчи 45 дақиқаликни фаолроқ бошлади. Улар майдоннинг рақиб учун мўлжалланган ҳудудида тўпни назорат қиляпти.

  • 48'

    "Атлетик" футболчилари бурчак тўпидан наф чиқара олишмади.

  • 46'

    Иккинчи бўлим бошланди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+3'

    Танаффус!

  • 45+2'

    ГООООООООООЛЛЛЛЛЛЛ! "Реал" ҳисобни очди!

    Тони Крооснинг жарима майдони ташқарисидан берган кучли зарбасини дарвозабон қайтара олмади.

  • 45'

    Биринчи бўлимга 2 дақиқа қўшиб берилди.

  • 44'

    Вальверденинг яқин масофадан берган зарбаси бироз ноаниқ кетди.

  • 42'

    Тезкор қарши ҳужумга ўтган рақибини чалиб йиқитган Васкес огоҳлантирилди.

  • 41'

    Жуниорнинг яқин масофадан берган зарбасини дарвозабон қайтарди.

  • 40'

    Прессинг уюштираётган мадридликлар дарҳол рақибни тўпсиз қолдиряпти.

  • 38'

    Жарима майдони марказига оширилган тўпни Карвахаль узоқлаштириб, рақибнинг хавфли тус олиши мумкин бўлган ҳужумини бартараф этди.

  • 36'

    Крооснинг узатмасини Бензема ўзига бўйсундира олмади.

  • 35'

    Жуниорнинг зарбаси кутилганидек чиқмади. Навбатдаги ҳужум кўкка совурилди.

  • 33'

    "Реал" тушуббусни қўлдан бой бермоқчи эмас. Зидан шогирдлари тўпни, шу билан биргаликда, ўйинни назорат қилмоқда.

  • 31'

    Модрич томонидан жарима майдонига етказиб берилган тўпни меҳмонлар катта қийинчилик билан узоқлаштирди.

  • 29'

    Крооснинг жарима майдони ташқарисидан берган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 27'

    Рамос бурчакдан оширилган тўпни дарвоза томон йўллади. Зарбага аниқлик етишмади.

  • 25'

    Жуниор бу сафар ҳам тўп йўқотилишига сабаб бўлди. Унинг узатмаси жуда оддий чиқди.

  • 23'

    Вальверденинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. Тўп Феде кутганчалик айланма траектория олмади.

  • 22'

    Иниаки Уильямснинг ноаниқ узатмаси жамоасининг камсонли ҳужумларидан бири бесамар якунланишига сабаб бўлди.

  • 21'

    Майдон эгалари рақибни жарима майдонига қамаб, ҳимоядаги бўш ҳудудларни изламоқда.

  • 19'

    Бурчакдан етказиб берилган тўпга Рамос ета олмади. Меҳмонлар посбони тўпни эгаллаб олди.

  • 18'

    Жуниорнинг яна бир ноаниқ ҳаракати жамоасига панд берди. "Реал" навбатдаги сафар ҳужумни муваффақиятсиз якунлади.

  • 16'

    Винисиус жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Ҳакам унга ўрнидан туриши кераклигини тушунтирди.

  • 14'

    Кроосга нисбатан жиддий қўполлик ишлатган Рауль Гарсияни ҳакам иккинчи бор огоҳлантирди ва майдондан четлатди.

  • 13'

    Шериги билан "девор" услубида комбинация уюштирган Уильямс дарвозани аниқ нишонга ололмади.

  • 11'

    Бенземанинг ўткир бурчакдан берган зарбасига аниқлик етишмади.

  • 10'

    Босим қилган Иниаки Уильямс Варанни ҳимояда хато қилишга мажбур қилди.

  • 8'

    Марказда Кроосга нисбатан қоида бузган Рауль Гарсия огоҳлантирилди.

  • 6'

    Жуниор тушунарсиз ҳаракати билан жамоасининг ҳужумини барбод қилди.

  • 4'

    Васкеснинг хатосидан кейин Уильямс жарима майдонига тўп узатди. Бироқ Де Маркоснинг бош билан йўллаган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 3'

    Ўйинни меҳмонлар фаолроқ бошлади. Уильямснинг зарбасига Варан блок қўя олди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келмоқда. Ўйин бир неча дақиқалар ичида старт олади!

  • 0'

    Ушбу баҳс 19-турдан ўрин олган бўлиб, "Реал"нинг Испания Суперкубогидаги иштироки учун эртароқ ўтказилмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!