"Реал" Родрига қизиқмаяпти — клуб бошқа номзодларни кўриб чиқмоқда

Мадриднинг "Реал" клуби ёзги трансфер ойнаси олдидан Родрини асосий мақсадлар рўйхатига киритмаган. Бу ҳақда "As" нашри хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, "қаймоқранглилар" ярим ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда. Бироқ "Манчестер Сити"нинг 29 ёшли ярим ҳимоячиси Родри мадридликлар режасига кирмайди.

Футболчининг "шаҳарликлар" билан шартномаси 2027 йилгача амал қилади. Шунингдек, инглиз клуби у билан келишувни узайтириш бўйича янги таклиф ҳам берган.

Манбага кўра, "Манчестер Сити"нинг кўплаб футболчилари клубдаги келажагини бош мураббий Пеп Гвардиоланинг қарори билан боғламоқда — испаниялик мутахассис жамоа бошида қоладими ёки йўқ.

Қайд этилишича, "Реал" айни пайтда "Кристал Пэлас" футболчиси Адам Уортон, "АЗ" вакили Кес Смит ҳамда ПСЖ ярим ҳимоячиси Витинья номзодларини ўрганмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!