"Реал" йилни "Барселона"дек якунлади!

Испания Ла Лигаси 16-туридан ўрин олган "Эльче" - "Реал" Мадрид баҳси ўз ниҳоясига етди. Ўйинда 1-1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. 

Дастлаб, 20-дақиқада Модрич боши билан дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни очган бўлса, 2-тайм бошида "Эльче" ҳужумчиси Фидел пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Ўйин "Реал"нинг катта устунлигида ўтганлигига қарамай, тайм якунига қадар бошқа гол урилмади ва учрашув дуранг натижа билан якунланди. Шу тариқа, "Реал" 2020-йилни худди "Барселона" сингари 1-1 ҳисобидаги дуранг билан якунлаб олди. Каталонияликлар куни кеча "Эйбар" билан 1-1 ўйнаган эди.

Мадридликларда айни дамда очколар сони эса 33 тага етди. Улардан бир ўйин кам ўтказган "Атлетико"да эса очколар сони 35 та ва "матрасчилар" турнир жадвалини бошқариб боришмоқда.

  • 90+4'

    Учрашув якунланди! "Реал" 2020-йилни дуранг натижа билан якунлади. Матнли трансляция Абдулла Маннонов томонидан олиб борилди. Эътиборингиз учун раҳмат!

  • 90+4'

    Гонсало Верду тўпни жонли девордан ошириб, тўғри дарвозага йўналтирди, Куртуадан эса фавқулодда суперсейв! Сўнгги сонияларда у жамоаси жонига оро кирди.

  • 90+3'

    Дани Карвахаль ўйин якунида жамоаси зарарига ишлади: жарима майдони яқинида у рақибини чалиб йиқитди ва ҳакам жарима зарбаси белгилади. Хавфли вазият юзага келиши мумкин.

  • 90+1'

    Карим Бензема ҳужумда фол намойиш этди. Ҳакам буни илғади.

  • 90+'

    Учрашувга 3 дақиқа вақт қўшиб берилди.

  • 89'

    Карвахальнинг жарима майдони ичига узатган тўпи ўз эгасига етиб бормади, ҳимоячилар яхши ўйнашди.

  • 87'

    "Эльче"да ҳам ўзгариш: Лукас Бойе ўрнига Гвидо Карильо майдонга тушди.

  • 86'

    "Реал"да ўзгариш: Марко Асенсио майдонни тарк этиб, ўрнига Винисиус Жуниор ўинни давом эттириш учун майдонга тушди.

  • 84'

    Дарвозага йўлланган жами аниқ зарбалар статистикаси қуйидагича: 2-6!

  • 81'

    Марсело ажойиб плеймейкер эканлигини кўрсатиб қўйди, бироқ ҳимоячилар у ташкил қилган ҳужумни бартараф этишди.

  • 79'

    Зидан ҳам ўзгаришларни амалга оширди: Лукас Васкес ва Тони Кроос майдонни тарк этиб, уларнинг ўрнига Эден Азар ва Феде Вальверде ўйинга қўшилди.

  • 78'

    Кроос бурчакдан тўпни ичкарига етказиб берди, бироқ ҳимоячилардан бири тўпни узоқлаштирди.

  • 77'

    Марко Асенсио ажойиб дриблинги билан зарба позициясига чиқиб борди ва зарба берди! Тўп бурчакка чиқиб кетди. 

  • 76'

    "Эльче"да 2 ўзгариш: Эмилиано Ригони ва Виктор Родригес ўрнига Хорхе Альмирон ва Тете Моренте ўйинга қўшилди.

  • 75'

    Мезбонлар аъзоси Гонсало Верду сариқ карточка билан огоҳлантирилди.

  • 74'

    Фиделнинг ўзи бурчак тўпини ижро этди. хавфли вазият юзага келган бўлса-да, бундан натижа чиқмади.

  • 73'

    Фидел Шивес дарвозага зарба беришга ҳаракат қилди, тўп эса рикошетдан сўнг майдон ташқарисига чиқиб кетди.

  • 72'

    Кроос қизишиб кетди. Бош ҳакам унинг қўполлиги учун чўнтагидан сариқ карточка чиқарди.

  • 70'

    Қанотда тўпни қабул қилиб олган Карвахаль ичкарига ёриб кирди ва палапартиш вазият ичида зарба йўллади! Эдгар Бадиа ажойиб сейв намойиш этди.

  • 68'

    Лукас Бойе ўз техникасини намойиш этди ва дарвозага жарима майдони ташқарисидан туриб зарба йўллади. Тўп анча юқорилаб кетди.

  • 67'

    Захира ишга солиниш арафасида. Азар ва бошқалар машғулотларни бошлашди.

  • 66'

    Дани Карвахаль рақиб ҳужумини қўпол тарзда тўхтатиб қолганлиги боис сариқ карточка олди.

  • 63'

    Ух қандай вазият! "Эльче" футболчилари 3 га 2 чиқиб кетди ва дарвозага аранг зарба йўллашга муваффақ булди! Бу сафар омад улардан юз ўгирди: тўп устуннинг ёнгинасидан ўтиб кетди.

  • 61'

    "Реал" тепган жарима зарбасини меҳмонлар ҳимоячилари осон бартараф этишди.

  • 59'

    Каземиро рақибининг оёғига қўпол тарзда ташланди ва бу сафар сариқ карточка билан жазоланди.

  • 58'

    Васкес жарима майдони ичига ёриб кирди ва 2 ҳимоячини ортда қолдириб дарвозага зарба берди! Дарвозабон Бадиа эса ўз ўрнида.

  • 57'

    Мадридликлар рақиб майдонида тўпни бир-бирларига оширмоқда. Рақиб хатоси кутиляпти.

  • 55'

    "Реал" ҳужумда якуний ишни эплай олмаяпти. Ҳимоячилар рақибнинг зарбагача боришига йўл қўймаяапти.

  • 53'

    "Реал" бурчак тўпи тепади. Крооснинг узатмаси бу сафар бироз хавфлироқ чиқди. 

  • 52'

    ГООООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Фидель Шавес тўпни дарвозанинг чап бурчагига йўналтирди, Куртуа тўп йўналишини топган бўлса-да, зарба кучлироқ чиқди ва ҳисобдаги мувозанат тикланди! 1-1!

  • 51'

    Пенальти! Бош ҳакам нуқтани кўрсатди! Жаримадан узатилган тўпни дарвозага йўлламоқчи бўлган футболчини Каземиро йиқитиб юборгани боис ҳакам шу қарорга келди.

  • 50'

    Яна шу нуқтада қоидабузарлик. Каземиро ўйин қоидасини бузди. Мезбонлар яна жарима зарбаси тепади.

  • 49'

    Карвахаль рақибини қўполлик эвазига тўхтатиб қолди. Ҳакам жарима зарбаси белгилади. Жарима тўпини Марсело қайтарди, қайтган тўпни "Эльче" футболчиларидан бири дарвозага йўналтирди, бу сафар Каземиро ўзини кўрсатди!

  • 48'

    Марко Асенсио ҳужумда фол намойиш этди.

  • 47'

    Рамос тўп билан. "Реал" ўз майдонида тўпни назорат қилмоқда.

  • 46'

    2-тайм бошланди! "Реал" тўпни ўйинга киритди.

  • 45'

    Футболчилар майдонга қайтишмоқда. Биз ҳам қайтамиз.

  • 45+1'

    1-бўлим якунланди. "Реал" ҳисобда минимум устунлик билан 15 дақиқалик танаффусга йўл олмоқда. 
    Бироз тин оламиз.

  • 45+'

    Бош ҳакам 1-таймга 1 дақиқа вақт қўшиб берди.

  • 44'

    Биринчи таймда мадридликлар тўп назоратига урғу беришди: 33-67 кўринишидаги статистика ҳозирча намоён бўлмоқда.

  • 43'

    Дарвозага йўлланган жами зарбалар сони: 1-7!

  • 42'

    Мезбонлар аъзоси Хуан Санчес тўпга чиқиб келишда ўта қўпол ҳаракат қилди ва бош ҳакам томонидан оғзаки огоҳлантириш олди.

  • 40'

    Эмилиано Ригони жарима майдони ичидаги шеригига тўпни етказиб бермоқчи бўлди, бироқ унинг узатмаси Рамос томонидан блокланди.

  • 38'

    Йўқ, бу пенальти эмас! Бош ҳакам бу вазият учун пенальти белгилаш нотўғри деган хулосага келди, тўп "Эльче"га қайтарилди.

  • 37'

    Бош ҳакам ВАРга мурожаат қилишига ишора қилди. Видеотакрорлар томоша қилинмоқда.

  • 36'

    "Эльче" футболчиси ўз жарима майдони ичида қўл билан тўпга тегиб юборди! "Реал" пенальтига эга бўлиши мумкин! 

  • 35'

    Дани Карвахаль ҳужумчини қўлидан тортиб қолди, қўполликни кўрган ҳакам эса ҳуштагини чалди. "Эльче" жарима зарбаси тепади.

  • 31'

    Серхио Рамос тўпни ҳужумдаги шериги Карим Бенземага етказиб бермоқчи бўлди, бироқ узатма ўта омадсиз чиқди.

  • 30'

    Тони Кроос бурчакдан тўпни ичкарига етказиб берди, ҳимоячилардан бири эса тўпни боши билан узоқлаштирди. Нарироқдаги шериги тўпни эгаллаб олди ва қарши ҳужумга ўтиб кетди.

  • 29'

    Лукасдан хавфли зарба! Жарима майдони ичидан туриб йўлланган зарбага ҳимоячилардан бири оёғини қўйиб, зарбани тўсиб қолишга улгурди. Ҳакам бурчакни кўрсатди.

  • 27'

    "Реал" Мадрид футболчиларининг жарима майдони ичига йўналтирилган барча узатмалари ҳимоячилар томонидан бартараф этилмоқда.

  • 26'

    Ҳакам ҳуштагини чалди. "Эльче" футболчиси ўйин қоидасини бузди.

  • 24'

    Ўйин темпи бироз тушгандек. Тўп назорати ҳануз "Реал" томонда: 35-65.

  • 21'

    Одатдагидек. Серхио Рамос рақиб ҳужумчисини қўпол тўхтатиб қолганлиги учун сариқ карточка билан жазоланди.

  • 20'

    ГООООООООООООООООООЛЛЛ!!! Қойил! Асенсио жарима майдони ташқарисидан туриб дарвозага кучли зарба йўллади, тўп тўсинга тегиб қайтди. Қайтган тўпни Лука Модрич боши билан дарвозанинг юқори бурчагига йўналтириб, ҳисобни очди! Дарвозабон ҳайратда.

  • 18'

    Лукас Васкес қўпол ўйин эвазига ҳакамдан оғзаки огоҳлантириш олди.

  • 16'

    "Эльче" футболчиси Эмилиано Ригони қанотдан тўпни жарима майдони ичига етказиб берди, бироқ ҳимоячилар тўпни узоқлаштирди.

  • 13'

    Ух қандай имконият! Марселонинг жарима майдони ташқарисидан берган кучли зарбаси дарвоза тўсинига тегиб майдонни тарк этди! 

  • 12'

    Раул Гути ("Эльче") ҳужумда фол намойиш этди ва ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 11'

    Ригонининг ўзи бурчак зарбасини ижро этди, бироқ унга омад етишмади.

  • 10'

    "Эльче" футболчиси эмилиано Ригонида гол уриш учун ўта қулай вазият юзага келгандииии! Фанатлар ҳаттоки, унинг зарбасидан кейин голни нишонлашни ҳам бошлаб юборишганди, бироқ сўнгги сонияда Тибо Куртуа дарвозанинг ўнг бурчагига йўналтирилган зарбани қайтаришга муваффақ бўлди ва фантастик сейв намойиш этиб, жамоасини қутқариб қолди!

  • 9'

    "Реал" футболчилари тўпни қаттиқ назорат қилмоқда, тўпсиз ўйнаётган жамоага бу пайт жуда қийин.

  • 6'

    Серхио Рамос шеригини қулай вазиятга чиқариш мақсадида яхши пас берди, бироқ унинг паси бироз кучлилик қилиб, имконият қўлдан бой берилди.

  • 4'

    Карим Бензема ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.

  • 2'

    Тони Кроос қанотдан тўпни жарима майдони ичиlаги Васкесга етказиб берди, Лукаснинг бош билан берган зарбаси эса дарвозанинг ўнг устунига тегди! Илк дақиқаданоқ хавфли вазият.

  • 1'

    Учрашув бошланди!

  • 0'

    Футболчилар майдонга чиқиб келишмоқда. Ла Лига мадҳияси янгради.

  • 0'

    Ассалому алайкум, қадрли футбол ихлосмандлари! Испания Ла Лигаси 16-туридан ўрин олган "Эльче" - "Реал" Мадрид баҳси бошланишига саноқли дақиқалар қолди. Матнли трансляцияни Абдулла Маннонов олиб боради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!