“Реал”дан келган Эндрик “Лион” таркибидан чиқарилди
Мадриднинг “Реал” клубидан ижара асосида “Лион” сафига кўчиб ўтган бразилиялик ҳужумчи Эндрик Франция чемпионати доирасида “Монако”га қарши ўйинда иштирок этмайдиган бўлди.
L’Equipe нашрининг маълум қилишича, 19 ёшли футболчини қайдномага киритмаслик ҳақида қарор жамоа бош мураббийи Паулу Фонсека томонидан қабул қилинган.
Мураббийнинг таъкидлашича, Эндрик жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда ва янги жамоага фаол мослашмоқда, аммо ҳозирча тўлиқ 90 дақиқа ўйнашга тайёр эмас. Ҳужумчи охирги бир ҳафта ичида асосий жамоа билан икки марта машғулот ўтказди, мураббийлар штаби томонидан ижобий баҳоланди ва жамоадошлари уни қўллаб-қувватлашяпти.
Бироқ ёш футболчининг умумий тайёргарлиги тўлиқ ўйин ўтказадиган даражага етмаган. Шу сабабли Эндрикнинг “Лион” сафидаги дебюти 11 январга қолдирилди. Ўша куни жамоа Франция Кубоги 1/8 финали доирасида “Лилль”га қарши баҳс олиб боради.
Ҳужумчи янги клубидаги ўйинларга тайёргарликни давом эттирар экан, бир вақтнинг ўзида “Реал”га қайтиш ва Бразилия миллий терма жамоасида иштирок этиш учун жисмоний ҳолатини сақлаб туришни мақсад қилган.
Фикрлар