“Реал”га керак бўлмаган ўйинчи Бразилияда қаҳрамон бўлди

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

6 июндан 7 июнга ўтар кечаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Бразилия ва Миср терма жамоалари ўртасида ўртоқлик баҳси бўлиб ўтди.

Учрашув АҚШнинг Кливленд шаҳридаги “Кливленд Браунс” стадионида бўлиб ўтди ва беш карра жаҳон чемпионларининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Баҳснинг 8-дақиқасида Бруну Гимарайнс ҳисобни очган бўлса, мисрликларга вазиятни ўнглаш учун уч дақақа кифоя қилди. Мустафо Зико аниқ зарба билан мувозанатни тиклади.

Учрашув қаҳрамони Эндрик бўлди. “Реал” асосий таркибига кира олмагани учун мавсумнинг иккинчи қисмини “Лион”да ўтказган футболчи Бразилия терма жамоаси мухлислари ишончни оқлади.

Эндрик 53-дақиқада ғалаба тўпини киритди.

Миср миллий жамоасининг юлдуз ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ танаффусдан кейин майдонга тушди, аммо самарали ҳаракат қайд эта олмади.

Бразилия ва Миср терма жамоалари АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бразилия “С” гуруҳида Марокаш, Гаити ва Шотландияга қарши баҳс олиб боради. Миср эса “G” гуруҳида Бельгия, Эрон ва Янги Зеландия терма жамоалари билан куч синашади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!