Рекордни янгилаган Шомуродов қайси терма жамоаларга нечта гол урган?

2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш турнири доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси учинчи учрашувини сафарда Гонконг терма жамоасига қарши ўтказди.

Ҳамюртларимиз дастлабки икки баҳсдан биринчисида сафарда Туркманистонни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, кейингисида Эрон терма жамоаси вакиллари билан Тошкентда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган эди.

Сречко Катанец шогирдлари Гонконгдаги беллашувда ҳам ҳужумкор ўйин кўрсатишга ҳаракат қилди. Бироқ мезбонлар катта куч билан ҳимоялангани боис, рақиб дарвозасига йўл топиш қийин бўлди. Қолаверса, ҳакам Элдор Шомуродовнинг  тўртинчи дақиқада урган голини инобатга олмади. Бу вазиятда тўп ҳужумчининг елкасига теккан эди. Ҳакам Элдорни қўл билан ўйнади, деб ҳисобламади.

Иккинчи бўлимнинг тўртинчи дақиқасида Элдор барибир ўз номига гол ёздириб қўйди. Бу гол Элдор Шомуродовнинг терма жамоамиз тарихидаги энг кўп гол урган футболчи сифатидаги рекордини янгилади. Энди Шомуродов ҳисобида 69 та ўйинда киритилган 39 та гол бор.

2015 йилдан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган 28 ёшли ҳужумчи голларини қайси мамлакатлар терма жамоаларига ургани кўпчилик футбол ишқибозларини қизиқтирса керак.

Sports.uz портали Шомуродов йўллаган тўпларни ўз дарвозасидан олиб чиққан терма жамоалар ҳақида маълумот беради.

Элдор терма жамоамиз сафидаги илк голини учинчи ўйинида – Осиё чемпионатининг саралаш турнирида Баҳрайн дарвозасига киритган.

2016 йил давомида форвардимиз ўз ҳисобига учта гол ёздириб қўйди. Унинг аниқ зарбалари Ливан, Канада, Ироқ  дарвозаларидан жой олди.

2017 йилнинг бошида ўртоқлик учрашувида Грузия дарвозасига бир жуфт тўп киритган ҳужумчимизда қарийб икки йиллик қуруқ серия кузатилди.

Элдор нохуш серияга 2019 йилнинг январида барҳам берди. Осиё чемпионати учрашувларида Ўмон ва Японияга биттадан, Туркманистонга иккита гол урди. Мана шу йилнинг ўзида Хитой, Яман, Саудия Арабистонига биттадан, Сурия, Сингапур, Фаластинга иккитадан тўп киритилди.

Шомуродов 2020 йили Италия чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин, миллий терма жамоамиздаги статистикаси ҳам ижобий томонга ўзгаргани кузатилди.

Моҳир ҳужумчимиз Европадаги кучли бешлик чемпионатидан келиб, Эрон дарвозасини ишғол қилди. Кейинги йили Сингапур ва Швеция билан бўлган ўйинларда бир мартадан дарвозасига йўл топди.

2022 йилги беллашувларда “италиялик легионеримиз” Қирғизистон, Қозоғистон, Коста-Рикага биттадан,  Жанубий Суданга иккита, Уганда ва Мальдив ороллари терма жамоаларига учтадан тўп киритиб, сермаҳсуллиги ошиб бораётганини кўрсатди.

Шомуродов 2023 йилни ҳам юқори савияда ўтказди. Унинг Боливия ва Тожикистонга урган голлари футболчиларимизнинг ғалабасини таъминлади. Шунингдек, Элдор Туркманистонга қарши иккита учрашувда жами учта тўп киритди.

Умуман олганда, Туркманистон Шомуродовнинг “севимли” жамоасига айланиб қолган. Ҳамюртимиз туркманларга қарши уч марта майдонга тушиб, бешта гол ва иккита ассист қайд этди.

Аслида 28 ёшли форвард статистикасини Қатарда ўтказилган Осиё кубогида яхшилаб олиши мумкин эди. Бироқ Шомуродов оғир жароҳат туфайли қитъа чемпионатини ўтказиб юборди.

Шомуродовнинг 2024 йилдаги терма жамоа сафидаги илк ўйини омадли чиқди. Элдор термага қайтганини гол билан нишонлади. Қолаверса, Гонконг  Элдор Шомуродов дарвозасини забт этган 25-терма жамоа бўлди.

Гонконг ва Ўзбекистон учрашувида Рустам Ашурматов ҳам халқаро миқёсидаги илк голини уриб, беллашувнинг 2:0 кўринишидаги якуний ҳисобини таъминлади. 

Очколари сонини еттитага етказиб олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси энди 26 март куни жаҳон чемпионати саралаш босқичининг тўртинчи турида Гонконгни Тошкентда қабул қилади.

Файзуллаев мухлисларига хушхабар

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Ilhomjon Feyz
23/03/2024 07:23
1871 та дарвозага тепилган зарбадан 39 гол бўса керак. Неча дақиқа ўйнагани, неча матта туалетга кирганиниям ёзинглар.
&
Абдурахмон лидер
21/03/2024 21:24
Нега Рахмоналиевни расми қўйилган? Муаллифни қариндошими диман.