"Репетиция тугади, ҳамма саҳнага!" Янги фаворитлар, сирли жамоалар ёхуд Суперлига карвони бизга қандай саргузаштларни тайёрлаб қўйди?
Юртимизга баҳор фасли кириб келиши биланоқ ўзи билан ҳамроҳ сифатида футбол мавсумини ҳам етаклаб келади. Сиз билан биз кутган миллий чемпионатимиз яна остонамиз олдида. Тўғри, вақти келса, Суперлигамизни танқид қиламиз, камчилигини айтамиз, аммо барибир нима қилганда ҳам бу ўзимизнинг чемпионат. Агар маълум вақт узилиш бўлса, дарров қачон бошланишини кутамиз. Қиш ичи янги мавсумга тараддуд кўрилди, бу сафаргиси қандай бўларкин, деган гаплар бўлди. Мана, энди ҳаммаси старт олиш арафасида турибди.
27 февраль куни “Пахтакор” билан “Насаф” Ўзбекистон Суперкубоги орқали янги футбол мавсумини бошлаб беришди. Энди эса бутун бошли ўзбек чемпионати карвони йўлга тушади. Демак, яна қайноқ хабарлар, қайноқ фикрлар, “ёндирадиган” матбуот анжуманлари, шиддатли ўйинлар, тортишувлар, ҳакамлар билан боғлиқ вазиятлар...хуллас, олдимизда яна саргузаштларга бой бўлган Суперлига карвони турибди.
2 март куни старт оладиган миллий биринчилигимиздан умид катта. Ишонинг, бу сафаргиси мутлақо бошқача қиёфа касб этадиганга ўхшаяпти. Жамоаларимизнинг қишки тайёргарлигидан хабардорсиз. Кимни қаерда қандай шуғуллангани, қандай селекция олиб борганини энди биласиз. Янги мавсумда катта марраларни кўзлаган аксарият клублар қишки йиғинни кучайтирилган тартибда ўтказишди ва Туркияда йиғинда бўлдилар. Бунақаси ҳали бўлмаган. Нақд 11 та клубимиз Анталияда ўқув-машғулот йиғинини ташкил қилди. Рости, бу сафар чемпионат аутсайдерлари борасида фикр юритишга қийналяпмиз. Ҳолбуки, камида иккита жамоа Суперлигани тарк этади. Демак, ўта шиддатли курашни тахмин қилаверинг.
Кўплаб клублар бу йил бошқача кайфиятда. Аниқроғи, ўз имиджини ўзгартиришяпти, олдига энди қўрқмасдан совриндор бўлиш мақсадини қўйишяпти. Шунга яраша ўзгариш ва ҳаракатларни кузатяпмиз, буниси аниқ. Энди “Пахтакор” яққол фаворит эмас, ишонаверинг! Бу билан “Пахтакор” ҳақида негатив фикр билдиришдан йироқмиз. Аммо амалдаги чемпион ўз камарини ҳимоя қилиши осон бўлмайди. Унга жиддий қаршилик кўрсатиш пайида бўлган ва чемпионликни тортиб олишни кўзлаётган жамоалар сони кўпаймоқда. Бу эса сиз билан бизга жуда қайноқ интригани ҳозирлаб қўйгани аниқ. Бунга ишоняпмиз. Ахир клублар қандай селекция қилганини кўрдингизми? Бу борада ҳам ким ўзарга беллашишди-а? Футболчиларнинг қишки бозори жуда қайнади. Трансфер ойнаси ёпилгунига қадар ҳаммаси авжида бўлди.
Суперлига клублари трансфер ойнасида жуда фаол ишлашди, бу борада гап бўлиши мумкин эмас. Яхши савиядаги ўйинчилар, четдан келган легионерларимиз ва бир қатор тажрибали хорижлик футболчилар олиб келинди. Қайси жамоалар селекцияда шов-шув кўтарди? Албатта, “Навбаҳор”, “Қизилқум”, “Нефтчи” каби клублар бу борада ажралиб туришди. Амалдаги фаворитлар – “Пахтакор”, “Насаф”, АГМК, “Сўғдиёна” ҳам таркибига янги кучларни қўшиб олди. “Металлург”, “Қўқон-1912”, “Динамо” жамоаларида ҳам яхши ўзгаришларни кўрдик. “Сурхон”, “Олимпик” эса сирли жамоалар бўлиб туришибди. Бу ёқда “Бунёдкор” билан “Локомотив”ни ҳам ҳисобдан чиқарманг. Ишонамизки, бу мавсумда сюрприз кўрсата оладиган клубларимиз топилади. Шунингдек, чемпионатимизда хорижлик – Славче Войнески, Предраг Роган, Никола Лазаревич, Луисма Эрнандес ва Анхель Лопес каби мутахассислар иш олиб боришади. Уларнинг билими ва савияси эвазига чемпионатимизда ўзига хос янгилик кузатилишини ҳам кутаётганимиз рост.
Сардор Рашидов, Икром Алибоев, Олег Зотеев, Жамшид Искандеров, Рустам Ашурматов, Артём Филипосян, Шаҳзод Убайдуллаев сингари легионерларимиз яна чемпионатимизга қайтишди. 2 ойдан ортиқ вақт давомида футболчилар тайёрланишди. Бор маҳоратини майдонда кўрсатиш фурсати етди. Энди чемпионат старт оляпти. Бундай пайтда шундай деймиз: “репетиция тугади, ҳамма саҳнага!” Мухлислар сизларни кутяпти...
Фикрлар