Роберто Манчини кашф қилган легионер футболчиларга Ўзбекистонда ўйнашни тавсия қиляпти!
2018 йили “Зенит” таркибида янги ўйинчи – Дмитрий Плетнёв пайдо бўлди-ю, кейин номи чиқмай қолди. Питерликларни бошқарган италиялик машҳур мураббий Роберто Манчини Дмитрий Плетнёвнинг иқтидорини кўра олди, уни йиғинларга жалб этди, бир неча ойдан кейин “Зенит”нинг асосий таркибида майдонга туширди.
Бироқ, ўша ўйин клуб тарбияланувчиси учун асосий жамоадаги биринчи, ягона ва охирги учрашув бўлиб қолди.
Тақдир тақозоси билан россиялик футболчи Қозоғистон ва Беларусь чемпионатларидан кейин Ўзбекистон Суперлигаси вакили “Сурхон”га келиб қолди. Россиянинг нуфузли нашриларидан бири championat.com сайтига берган интервьюсида Дмитрий Плетнёв ўзбек футболи ҳақида ҳам гапирди.
Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ана шу интервьюнинг Ўзбекистон футболига тегишли қисмларини ҳавола этади.
— 2024 йилнинг қишида ўзинг учун янги мамлакат – Ўзбекистонни кашф қилдингиз. Таассуротлар билан ўртоқлашинг...
— Ўзбекистон ажойиб мамлакат, ўзига хослиги, меҳнатдўстлиги юқори даражада. Менга жуда ёқди. Тошкент – тез ривожланаётган замонавий шаҳар. Бу ернинг одамлари жуда меҳрибон.
— Таомлари жуда мазали бўлса керак?
— Ўзбек палови – энг зўр таом.
— Ҳозир футбол бу мамлакатда ривожланяптими?
— Ҳа, бу ерда ҳамма нарса ривожланяпти, барчаси тараққиёт учун қилинмоқда. Буни менга Ўзбекистон чемпионати ҳақида маълумот берган мураббийлар ҳам эътироф этди. Ўсиш суръати ошиб бораётгани шундоқ сезилиб турибди.
— Нега Ўзбекистонни, хусусан, “Сурхон”ни танладингиз?
— Мураббийлар штаби билан боғланиш имконияти пайдо бўлди ва мен ўзимнинг маълумотларимни юбордим. Улар кўриб чиқиб, қизиқиш билдиришди ва мен бу жамоага йўл олдим.
— Жамоангизнинг истиқболи ва вазифалари қандай?
— Бу ерда мусобақа жадвали жуда зич, жамоалар бир-бирига жуда яқин жойлашган, фарқ бир-икки очкони ташкил қилади. Олдимизга катта вазифалар қўйилган, жамоа ёш ва интилувчан. Биз қизиқарли футбол ўйнашга интиляпмиз. Ўзбекистон кубоги ярим финалида ўйнашимиз керак. Чемпионатда ҳам бу ой жуда муҳим ўйинлар ва жадвалда юқорилаш имкони бор.
— Нега россиялик футболчилар Ўзбекистон чемпионатига ўтиши керак, деб ҳисоблаяпсиз?
— Бу ерда майдонлар жуда яхши. Шундан келиб чиқиб, ўйин тезлиги баланд, тўпни пастлатиб ўйнаш яхши даражада, ривожланиш бор.
Фикрлар