Тезкор: Ҳусанов янги мусобақада иштирок этади!
Кучли бешлик чемпионатларидаги икки вакилимиздан бири – 20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов учун янги мавсум алоҳида аҳамият касб этади.
Ўтган йили ёзда Беларусь олий лигаси вакили “Энергетик-БГУ” сафидан ўша пайтда Франция вице-чемпиони мақомига эга бўлган “Ланс”га кўчиб ўтган ҳамюртимиз топ-лигадаги дебют мавсумини янги чемпионат ва жамоага мослашиш, ўз маҳорати ва салоҳиятини намойиш этишга бағишлаган эди.
Энди легионеримиз жамоасида асосий таркибга кириш, ҳимоя чизиғининг муҳим ўйинчиси даражасига кўтарилиш каби мураккаб вазифаларни бажаради.
Ҳозир Европанинг қатор клублари “Ланс” ҳимоячилари етакчиси Кевин Дансони ўз сафига қўшиб олиш учун ов бошлаган. Австриялик тажрибали футболчининг кетиши жамоадаги ёш ҳимоячилар, хусусан, 20 ёшли Абдуқодир Ҳусанов учун ҳам асосий таркибдан муқим жой олишга янги ва яхши имконият ҳисобланади.
Аслида “Ланс” раҳбарияти бир йил муқаддам Абдуқодир Ҳусановни Кевин Дансога ўринбосар сифатида тайёрлаш учун олиб келганди.
Франциянинг машҳур L' Equipe нашри журналисти Пьер Дреосси “Ланс”нинг янги бош мураббийи Уилл Стиллнинг Кевин Дансонинг кетиши мумкинлигига муносабатини сўраганида қуйидаги жавоб олган.
- Агар Кевин Дансо кетадиган бўлса, Абдуқодир Ҳусанов унинг ўрнини босишга тайёрлигини биламиз. Бу позицияга яна битта яхши марказий ҳимоячи кераклиги учун “Челси”дан Маланг Саррни олдик, - деди Уилл Стилл.
Абдуқодир Ҳусанов Францияга йўл олиб, ушбу мамлакат чемпионати юқори дивизионида иштирок этган биринчи ўзбек футболчисига айланишдан ташқари, УЕФАнинг энг нуфузли икки мусобақаси – Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида дебютини нишонлади.
Энди ўзбек футболчиси “Ланс” таркибида яна бир қитъа миқёсидаги янги мусобақа – Конференциялар лигасидаги юришини бошлайди.
Бош мураббийи Уилл Стилл ҳамюртимизни ушбу халқаро мусобақадаги илк учрашув – Грециянинг “Панатинаикос” жамоасига қарши бўладиган баҳсда қатнашадиган 23 нафар футболчи қаторига киритган.
- “Ланс” Конференциялар лигасида Афинанинг “Панатинаикос” жамоасига қарши 23 нафар футболчидан иборат таркибини эълон қилди. Мураббийлар штаба янги мавсум бошида иккинчи таркиб билан машғулот ўтказишга юборилган Жимми Кэбот , Нил Ал-Айнауи , Салис Абдул Самед ва Стейн Спирингс ёрдамидан фойдаланмасликка қарор қилди. Лекин таркибда Мбала Нзола ҳамда Хамзат Охедиран каби янги ўйинчиларга жой берилди, - деб ёзди lensois.com сайти эксперти Элоиза де Местер.
“Ланс”нинг Конференциялар лигаси биринчи учрашувига таркиби қуйидагича кўриниш олди.
Дарвозабонлар:
Петрич, Коффи, Самба
Ҳимоячилар:
Агилар, Мачадо, Дансо, Чавес, Медина, Сарр, Хайдара, Градит, Хусанов, Франковски
Ярим ҳимоячила:
Охедиран, Перейра да Коста, Фульгини, Менди, Томассон, Диуф
Ҳужумчилар:
Сотока, Саид, Лабо-Ласкари, Нзола.
Диққат қилинг: "Ланс" ва "Панатиниакос" ўртасидаги дастлабки учрашув бугун ярим тунда - Тошкент вақти билан соат 00:00 да бошланади. Жавоб ўйини 29 августга белгиланган.
Абдуқодир Ҳусанов Конференциялар лигасида иштирок этиши билан яна бир рекордни уради. У УЕФАнинг учта нуфузли мусобақаси – Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасининг барчасида қатнашган биринчи ўзбек футболчиси бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Европа топ-лигаларидаги яна бир легионеримиз Элдор Шомуродов 2021 йили илк бор ўтказилган Конференциялар лигаси мусобақасининг ғолиби ҳисобланади.
Ўшанда Элдор машҳур мураббий Жозе Моуриньо бошқарувидаги “Рома”да ўйнаб, бош совринга эга чиққан. Бундан ташқари, Шомуродов ўша мусобақада энг тез югурган футболчи сифатида рекорд ҳам ўрнатганди.
Европага йўл очилмоқда: Олимпиадада порлаган футболчимиз легионерга айланади!
“Ланс” устози Ҳусанов мухлисларига ёқадиган гап айтди!
Тўпурар легионеримиз яна “кўтарила” бошлади!
Европада Ҳусановни кузатишяпти! Ўзгариш бўладими?
Фикрлар