Тезкор: Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси Европада бошқа клубга ўтадиган бўляпти!
Кейинги йилларда Европанинг қатор таниқли футболчилари ва мураббийларини жалб қилиб келаётган Туркия Суперлигаси дунёнинг энг кучли лигаларидан бирига айланиб бормоқда.
Турк футболида легионерлар алоҳида аҳамият касб этади. Жами 19 та жамоа иштирок этаётган юқори дивизионда 608 та футболчи қайдномадан ўтказилган бўлса, шулардан 42,8 фоизи, яъни 260 нафари хорижлик чарм тўп усталаридир.
Айни пайтда Суперлигада етмишта давлат вакиллари тўп тепаётган бўлса, улар орасида Осиё футболи тарбияланувчилари ҳам бор. Хусусан, турклар Осиё қитъасидан анча кам – фақат Ўзбекистондан учта, Эрондан иккита, Япония ва Хитойдан бир нафардан футболчи жалб қилган холос.
Қардош юртда ўйнаётган ҳамюртларимиздан Ҳусниддин Алиқуловнинг ишлари анча юришиб кетди. 25 ёшли легионеримиз марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, дастлабки икки турда рақиблар дарвозасига бир жуфт тўп киритди. Унинг голлари “Ризеспор”га тўрт очко келтирди.
2024 йилнинг бошидан бери “Сивасспор” шарафини ҳимоя қилаётган Азизбек Турғунбоев универсал ўйинчи сифатида жамоасининг асосий фигураларидан бирига айланган. 30 ёшли тажрибали футболчимиз янги мавсумнинг ҳар икки учрашувида майдонга тушиб, жамоасининг тўрт очко жамғаришига кўмакчи бўлди.
Туркия Суперлигасидаги энг тажрибали легионеримиз Отабек Шукуровнинг жамоа танлашда бироз ишлари юришмаяпти.
Отабек Туркияга 2022 йили ёзда келган. Юртимизда “Машъал” ва “Бунёдкор”да ўйнаганидан кейин 2018 йили Бирлашган Араб Амирликларининг “Шарча” клубига кўчиб ўтган ярим ҳимоячи араблар юртида тўрт йил ўйнаганидан кейин “Фотиҳ Карагюмрюк” жамоасига трансфер қилинди.
Ўтган мавсумнинг биринчи ярмида бу жамоа билан шартномани бекор қилган 28 ёшли футболчи 2024 йил бошида “Кайсериспор” сафига қўшилганди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Шукуров яна жамоасини алмаштирадиган бўляпти. Хусусан, demokratkocaeli.com сайти журналисти Метин Тунжайнинг ёзишича, ўзбек легионерини Туркиянинг бошқа жамоаси – “Кожаэлиспор”га таклиф қилишган.
- Трансфер ойнаси охирлаб қолаётган бўлса-да, бу борадаги ишлар давом этмоқда. “Кожаэлиспорт” ярим ҳимоячи ва ўнг қанот ҳужумчисини олмоқчи эди. Жамоага футбол агентлари орқали ўйинчилар таклиф қилинмоқда.
Жумладан, “Кожаэлиспор”га айни пайтга қадар “Кайсериспор”да ўйнаб келган ярим ҳимоячи Отабек Шукуровни олишни тавсия қилишди. Бу футболчи “Кайсериспор”даги ҳолатидан норози.
Жамоа бош мураббийи Эртугрул Соғлом Шукуровни трансфер қилиш бўйича якуний қарорини “Эрзурумспор” билан бўладиган учинчи тур учрашувидан кейин маълум қилишини айтди, - деб ёзди Метин Тунжай.
Таъкидлаш жоизки, “Кожаэлиспор” ҳозир биринчи лигада иштирок этмоқда ва Суперлигага чиқиш учун курашаётган жамоалардан ҳисобланади.
Отабек Шукуров фаолияти давомида клублар миқёсид 272 та учрашувда иштирок этиб, 20 та гол ҳамда 14 та ассист муаллифи бўлган.
Тажрибалия ярим ҳимоячи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида халқаро миқёсда 69 та учрашувда майдонга тушган ва ўз ҳисобига еттита гол ёздириб қўйган.
Шомуродов атрофидаги сўнгги маълумотлар
Фикрлар