“Рома” мухлисларига битта яхши ва битта ёмон хабар!
Элдор Шомуродов “Рома”да ўйнаётгани боис, ушбу клубга мухлислик қилаётган ҳамюртларимиз ҳам кўп. Уларнинг қизиқишини инобатга олиб, Рим клуби фаолиятига доир хабарларни эътиборингизга ҳавола қилишни давом эттирамиз.
Аввал нохуш хабар ҳақида.
Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиш имкониятини сақлаб турган “Рома”ни А Сериянинг навбатдаги учрашувида жиддий синов кутиб турибди. Жозе Моуриньо шогирдлари 23 апрель куни Миланда амалдаги чемпион ва бу йил ҳам скудеттога даъвогарлик қилаётган “Интер” меҳмони бўлади. Ҳар икки жамоанинг ўз олдига қўйган мақсадига эришиш имкони борлиги уларни фақат ғалаба учун тўп тепишга мажбур қилмоқда.
“Наполи”га қарши учрашувда римликларнинг ишонган ўйинчиси Николо Дзаньоло оёғида оқриқ сезгани учун ўзини алмаштиришларини сўраган эди. Пойтахт клуби мухлисларини муҳим ўйин олдидан етакчилардан бирининг шикастланиши хавотирга солди.
Кейин Дзаньолонинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали саломатлиги жойида эканини хабар берди.
Шунга қарамай, Николо “Интер”га қарши учрашувни барибир ўтказиб юборади. Маълумотларга қараганда, 22 ёшли ҳужумкор футболчининг “Наполи” билан ўйинда огоҳлантирилгани туфайли сариқ карточкалари сони кўпайиб кетган ва у навбатдаги баҳсни ўтказиб юборишга мажбур.
Агар Дзаньоло ўйнамаса, Жозе Моуриньо жамоага муваффақият келтираётган икки ҳужумчили тактик схемасидан воз кечишига тўғри келади. 12 та ўйиндан бери ютқазмаётган “Рома” бош мураббий ҳужум чизиғида Тэмми Абрахам ва Николо Дзаньолони ўйнатиб келаётган эди. Мутахассислар “Интер” билан бўладиган ўйинда португалиялик мутахассис бир ҳужумчига таянган ҳолда таркибни бошқача шакллантиришини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, “Рома” Николо Дзаньолосиз ўйнашни ўрганиши ҳам керак. Чунки бу футболчи клубнинг янги битимини қабул қилмади ва ёзда бошқа клублардан бирига ўтиб кетиши мумкин.
Айни пайтда ҳужумкор футболчига Италия ва Англиянинг етакчи клубларидан жиддий чорловлар бўлмоқда ва “Рома” агар бу трансфер учун 60 миллион евро миқдорида маблағ тикадиган клуб бўлса, Дзаньолони қўйиб юборишга тайёрлигини билдирган.
Италия футболининг истеъдодли вакилларидан ҳисобланган бу плеймейкернинг амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ёзигача тузилган.
Дзаньоло жорий мавсумда барча турнирларда 36 маротаба майдонгатушиб, еттита гол урди ва саккизта голли пас оширди.
Яхши хабар шундаки, ёзда “Рома”ни “Манчестер Юнайтед” юлдузи Неманья Матич кучайтириши кутилмоқда.
Яқинда 33 ёшли сербиялик ярим ҳимоячи мавсум охирида “Манчестер Юнайтед”дан кетишга қарор қилганини маълум қилди.
Неманьянинг манчестерликлар билан шартномаси мавсум охирида якунланаётган боис тажрибали чарм тўп устасини эркин агент сифатида бепул сафга қўшиб олиш имконияти бор.
Матич маҳоратли ярим ҳимоячи қидираётган “Рома”дан таклиф олди. Tuttomercatoweb сайтининг маълум қилишича, Рим клуби вакиллари футболчи билан боғланиб, уни пойтахтга олиб келиш бўйича ишларни бошлаб юборган.
Жозе Моуриньо Матичнинг имкониятларини жуда яхши билади ва уларни юқори баҳолайди. Португалиялик мутахассис “Челси”ни бошқарганида Неманья Матич унинг қўл остида ўйнаган. Кейин “Манчестер Юнайтед”ни қабул қилиб олган Моуриньо сербиялик ўйинчини бу жамоага ҳам олиб ўтди. Матич ўшандан бери Манчестерда ўйнаб келмоқда.
Энди Моуриньо ва Матич ўзаро ҳамкорликни учинчи жамоа – “Рома”да давом эттиришга яқин турибди.
Сербия футболининг энг ёрқин ўйинчиларидан ҳисобланган Неманья Матич “Манчестер Юнайтед” ва “Челси”дан ташқари ўз юртида “Кошица” ва Португалияда “Бенфика” клублари шарафини ҳам муносиб ҳимоя қилган.
2017 йилдан бери “Манчестер Юнайтед”да ўйнаётган Матич жорий мавсумда барча турнирларда 28 маротаба майдонга тушиб, иккита голли пас оширди.
Тажрибали футболчи Сербия терма жамоаси сафида 48 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасига бир жуфт тўп киритган.
Фикрлар