”Рома” нишонидаги эркин агентлар

Коронавирус туфайли пайдо бўлган иқтисодий инқироз трансфер бозорига жиддий таъсир ўтказяпти.

Бир қанча жамоалар пандемия бошлашинишидан аввал шартнома имзолашни мўлжаллаган футболчиларни трансферини амалга ошириш имкониятини йўқотмоқда. Бутун дунёни ваҳимада ушлаб турган пандемия сабабли эркин агентга айланадиган футболчиларга эътибор кучли бўляпти. Келаётган ёзда эса улар жуда кўпаяди.

Италия жамоалари бепул ёки унча қиммат бўлмаган ва шу ўринда тажрибали футболчиларни жамоага олиб келиш бўйича олдинги ўринларда туради. Ёз ойида “Рома” жамоаси эркин агентга айланадиган бир қанча футболчиларни рўйхатини тузиб чиқишди ва уларни жамоага олиб келиш учун ҳаракат қилишмоқчи. Ҳозир эса римликларнинг рўйхатидан ўрин олган футболчилар ҳақида суҳбатлашамиз.

Ян Вертонген

Vertongen

Белгиялик футболчи “Тоттенхэм”даги саккизинчи ва катта эҳтимол билан охирги мавсумини ўтказмоқда. Жамоа 32 ёшли футболчига бир неча маротаба шартнома таклиф қилди ва ҳар гал рад жавобини олди. Бунга сабаб эса шартнома муддати эди. “Тоттенхэм” 1 йиллик шартнома таклиф қилган бўлса, Вертонген 2 йиллик шартнома талаб қилди. Томонлар келиша олишмади.

Футболчининг агенти Том Де Мул мижози яна бир неча йил юқори формада тўп сура олишини айтиб ўтди. “Тоттенхэм” таклиф қилаётган шартнома Вертонгенни қониқтирмаётганини тасдиқлади. Қишги трансферларда футболчига “Интер” ва “Наполи” қизиқиш билдирди. Аммо “шпорлар”шартномаси якунига етаётган футболчи учун жуда катта нарх талаб қилди.

Вертонген “Рома”нинг қизиқиш доирасига тушиб қолди.  Римликлар “Манчестер Юнайтед”да Крис Смоллингни сотиб ололмаган тақдирда, Ян Вертонгенни таркибга қўшиб олиш учун уриниб кўришади. Катта эҳтимол билан Смоллинг “МЮ”га қайтади, шунинг учун белгиялик футболчига жиддий қизиқиш билдириш лозим.

Аммо италияликлар футболчи учун рақобатга ҳам тайёр туришлари керак. Голландиянинг “Аякс” жамоаси ҳам Ян Вертонгенга қизиқиш билдиряпти. Вертонген “Аякс” таркибида 4 мавсум тўп сурганини унутмаслигимиз керак. “Интер” ҳам эркин агентга айланаётган футболчини қўлга киритиш учун ҳаракат қилади. “Рома” бу пойгада ютиб чиқиши учун Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга киритиши лозим. Шундагина Ян Вертонген Рим жамоасига ўтишга рози бўлади.

Марио Гётце

Mario

Golden Boy-2011 соҳиби фаолиятида катта бурилиш қилмоқчи. Бир неча кун олдин футболчининг ўзи бу ҳақида айтиб ўтди. Марио “Боруссия Дортмунд”да қолмаслигини ҳамма тушуниб турибди. Жамоада унга ўрин ҳам қолмади. “Боруссия” футболчига янги шартнома таклиф қилди. Аммо бу шунчаки расмиятчилик учун эди. Футболчининг ўзи ҳам буни сезиб турганди.

Гётце ёзда эркин агентга айланади. “Байер” ва “Герта” футболчига қизиқиш билдирмоқда. Аммо Марио Германияда қолишни режалаштирмаяпти. Ҳаттоки, агентини ҳам ўзгартирган футболчи энди Германияда эмас, бошқа чемпионатларда ҳам ўзини синаб кўрмоқчи.

“Рома” бундай имкониятдан фойдаланиб қолиши мумкин. Футболчининг Германияда қолиш истаги йўқлиги римликлар фойдасига ишлайди. Бундай ҳолатда “Рома” Мариога қизиқиш билдираётган ягона жамоага айланади. Тўғри, МЛС ва Қатар чемпионатидан таклифлар тушди, аммо бу таклифлар Мариони қизиқтирмадию Football Italia нинг хабарига кўра, Гётце аллақачон римликлар билан оғзаки келишувга эришган. Футболчи ўз келажагини А серияда кўряпти.

Жакомо Бонавентура

Bonaventura

Бонавентура “Милан” сафида ўзининг олтинчи мавсумини ўтказяпти. Мавсум якунида эса Бонавентуранинг шартномаси ҳам ўз ниҳоясига етади. Футболчининг агенти Мино Райола февраль ойидаёқ футболчининг “Милан”даги келаси фаолияти сўроқ остида турганини айтиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, раҳбарият футболчи борасида бир қарорга келгани йўқ. Шунинг учун 30 ёшли футболчига ҳалигача янги шартнома таклиф қилинмаяпти.

“Рома” бу вазиятни кузатиб турибди. Римликлар анчадан бери тажрибали ярим ҳимоячи излаяпти. Генрих Мхитарян “Арсенал”га қайтадиган бўлса, Бонавентурага бўлган қизиқиш янаям ортади. Лекин улар футболчи учун рақобатда ютиб чиқишлари керак. Бонавентурага “Рома”дан ташқари “Лацио” ва “Фиорентина” ҳам қизиқиш билдиряпти.

Вариантлар ичида “Лацио” футболчи учун идеал бўлиб турибди. Чунки “Бургутлар” чемпионлик учун курашяпти, “Бўрилар” эса Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан ҳам қуруқ қолишлари мумкин. Бонавентура анчадан буён чемпионлик учун курашмаганини ҳисобга олсак, “Лацио”га ўтиш эҳтимоли каттароқ. Шундай бўлса-да, “Рома” футболчини қўлга киритиш учун ҳаракат қилиб кўради.

Педро

Pedro

“Челси” футболчиси фаолиятини қайерда давом эттириш борасида бир қарорга келгани йўқ. Аввалроқ, Лондонда қолиш эҳтимоли ҳам борлигини яширмаганди. Аммо “Челси” Педрони жамоада олиб қолиш нияти йўққа ўхшайди. Чунки Оливье Жиру ва Виллианга янги шартнома таклиф қилинди, лекин испаниялик футболчига ҳозирча янги шартнома таклиф қилинмади.

Январь ойида “Рома” футболчини сотиб олишга уриниб кўрди. “Челси” билан келишувга эришганди, аммо негадир трансфер амалга ошмади. Футболчининг ўзи ҳеч қандай жамоа билан келишувга эришмаганини, “Челси”дан янги шартнома кутаётганини айтиб ўтди.

“Рома” Педрони қўлга киритишга қийналади. Биринчидан, у билан рақобатда “Интер Маями” жамоаси бор. Дэвид Бекхэм молиявий томондан яхши таклиф билан чиқиб, Педрони АҚШга боришга кўндириши мумкин.  Иккинчидан, Педро “Бўрилар”нинг таклифини ҳали кўриб чиққани йўқ. Футболчи “Челси”да қолмоқчи ёки “Барселона”га қайтиш вариантини кўрмоқчи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!