“Рома” Шомуродов бўйича қандай қарорга келди?
Катта умидлар билан “Рома”да қолган Элдор Шомуродов яна ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетмоқда. Ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунларида АҚШнинг “Атланта Юнайтед” клуби ўзбек футболчисининг ўз сафига қўшиб олиш учун бироз кечиккан эди.
Кейин Италиянинг ўзидан бир неча жамоалар легионеримизни ижарага олишга сўради. Бироқ римликларнинг ўша даврдаги бош мураббийи Даниэле Де Росси ҳужумчининг машғулотлардаги ҳаракатларини кўриб, ундан воз кечиш фикридан қайтди. Ҳатто, бош мураббий позициядан келиб чиқиб, “Рома” Шомуродов билан ҳамкорликни яна бир йилга узайтирмоқчи бўлди.
Даниэле Де Росси секин-аста Шомуродовга ўйин амалиёти бера бошлади. Кутилмаганда, клуб хўжайинлари римлик мураббий ўрнига хорватиялик Иван Юрични бош мураббий этиб тайинлади. Бу мутахассис ўзбек футболчисига етарли эътибор қаратмади. Умуман олганда, унинг қарашлари “Рома”га мос тушмади ва клуб хўжайинлари унга икки ойда чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйди.
Бош мураббийликка Клаудио Раньери таклиф этилди. Кўпчилик ўтган мавсумда “Кальяри”да Элдор Шомуродовга устозлик қилган тажрибали мураббий бу гал ҳам ўзбек футболчисига имкон беригини кутганди.
Амалда бундай бўлмади. Раньери “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолишга кўмаклашган Шомуродовга “Рома”да имкон беришга шошилмаяпти. Сўнгги учта учрашувда 73 ёшли мутахассис ҳамюртимизни бир дақиқа ҳам ўйнатмади.
Италия футболини ёритаётган манбалар пойтахт клуби раҳбарияти Элдор Шомуродов бўйича бир қарорга келганини ёзмоқда.
- Элдор Шомуродов навбатдаги сафар учун нарсаларини йиғиштиришига ва “Рома” билан хайрлашишига тўғри келмоқда. Аслида ўзбек футболчиси пойтахтни август ойида тарк этиши кутилганди.
Бироқ, маълум сабабларга кўра, унинг трансфери амалга ошмай қолди. “Рома” раҳбарияти январь ойида ҳужумчини бошқа клубга ўтказиб юборишга қарор қилган. Айни пайтда Шомуродов ўрнига бошқа марказий ҳужумчи қидирилмоқда, - деб ёзди tuttocagliari.net портали.
Қишки трансферлар ойнаси очилиши арафасида 29 ёшли ҳужумчимизга икки жамоадан қизиқиш бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. А Серия дебютанти “Комо” юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашда Италия футболига мослашган, лекин ўз жамоасида ўйин амалиётига эга бўлмаётган Элдор Шомуродов ёрдамига таянишни режалаштираётгани ҳақида маълумотлар чиқди.
Бундан ташқари, В Серияда ўйнаётган “Салернитана” юқори дивизионда бу жамоа дарвозасига гол уришни одат қилган Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олишга қизиқяпти. Бироқ айрим мутахассислар Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори қуйи лига клубига ўтишга кўнмаслигини таъкидлаяпти.
Бундан келиб чиқадики, “Рома” мавсумнинг иккинчи қисмида ҳам Элдор Шомуродовга ишонч билдирмаслигини маълум қилганидан кейин бошқа жамоалар ҳеч бўлмаганда ўзбек легионерини ёзгача ижарага олиш учун ҳаракат қилади. Демак, ҳали Шомуродов атрофида трансферга боғлиқ хабарлар янада кўпаяди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Шомуродов жорий мавсум “Рома” сафида А Серияда еттита учрашувда иштирок этиб, жами 107 дақиқа ҳаракат қилди. Кам вақт майдонда ҳаракат қилганига қарамай, биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
Файзуллаев чарчаб қолди...
Ҳусанов “ёндиряпти”, у катта ўзгариш қилди!
Файзуллаев отлан, Европага кетадиган пайт келди!
Фикрлар