"Рома"нинг Италиядаги энг яхши клублардан бири эканлиги қарор қабул қилишимда асосий ролни ўйнади" - Элдор Шомуродов илк интервьюсини берди
“Рома” оиласининг бир бўлагига айланган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов шу йўл орқали фаолиятида яна бир жиддий қадамни ташлади.
Ҳамма жойда унинг Жозе Моуриньо қўли остида тўп суриш бахтига муяссар бўлгани ҳақда ёзмоқдалар. Футболчимиз янги клубидаги машғулотларини бошлаб юборди.
Римликлар Элдорни кеча расман таништирганларидан кейин, кутилганидек, дарҳол клуб расмий сайти ҳамюртимиздан дастлабки интервьюни олди.
- Элдор Шомуродов, сиз “Рома” ўйинчиси сифатида ўтирибсиз. Бу нимага ўхшайди?
- Аввало, шуни айтишим керакки, айни пайтда бироз ҳаяжонланяпман. Мен учун бу олдинга ташланган катта қадамдир. Ўз ўйинимни кўрсатган ҳолда мухлисларни қувонтиришга ҳаракат қиламан.
- Сиз Италиядаги дастлабки дебют мавсумингиздаёқ “Женоа”даги ўйинларингиз билан барчада илиқ таассурот қолдира олдингиз. Энди сиз ўз олдига катта мақсадларни қўя оладиган клуб сафига қўшилдингиз. Нимадан умид қиляпсиз?
- Ҳа, мен учун бу А сериядаги дебют мавсум эди. Ўзимдан яхши таассурот қолдириш учун ҳаракат қилдим. Шу вақт давомида ўз ўйиним билан ҳаммада яхши фикр уйғотиш ҳаракатида бўлдим. Албатта, бир қанча вазифаларни яхши бажарганимни, шунинг акси ўлароқ, айрим масалаларда бироз қониқарсиз ҳаракат қилганимни ўзим жуда яхши биламан. Аммо ўзимнинг А сериядаги илк мавсумимдан қониқиш ҳосил қилдим, дея оламан.
- Мавсумнинг иккинчи ярмида ўз статистикангизни анча яхшилай олганингиз рост. Қандай ўйлайсиз, шундай даражада тўп суришингиз сабаби нимага бориб тақалади?
- Дарҳақиқат, бу менинг Италиядаги илк мавсумим эди. Ҳаммасига кўникишим учун вақт керак бўларди. Афтидан, бунинг сабаби муҳитга кўникканимдан бўлса керак. Айнан шу жиҳат ўйинимдаги ўсишнинг асосий сабаби, деб ҳисоблайман. Қолаверса, мен жамоанинг ўйинига мослаша олдим. Ўз навбатида, рақибларнинг ўйини борасида ҳам етарлича маълумотга эга бўлиб олгандим. Шу сабабдан, мавсумнинг иккинчи ярмида ўйинимни анча яхшилаб олган бўлсам керак. Нега деганда, мен энди майдонга тушганимдан сўнг, қандай ўйнашим кераклиги ва қандай йўл тутиш яхши бўлишини теран ҳис қилишга тушдим.
- А серияда сизни ҳаммасидан кўра, нима кўпроқ ҳайратга солди?
- А серияда мени ҳаммасидан ҳам кўра, ўйин сифати юқори эканлиги ҳайратга солди. Ўзим қарши ўйнаган жамоаларнинг даражаси ҳам мақташга арзигулик. Яна мени ҳайратга солган нарса ўйиндаги шиддат бўлди.
- Нима деб ўйлайсиз, Россиянинг “Ростов” клубида ўйнаганингизга таққослаганда Италияда қай даражада ўзгара олдингиз?
- Ўзимга баҳо беришим жуда қийин. Бу ишни яхшиси мутахассислар ва ишқибозларга қолдириш керак. Ўйлайманки, ўйинимга энг холис баҳони ишқибозлар бера олишади. Шунингдек, вақт ўтиб бориши билан ўз ўйинимни кучайтирган ҳолда клубга иложи борича максимал даражада фойда келтира олишим мумкинлигини ҳам ҳис қиляпман.
- “Рома”даги асосий мақсадларингиз нималардан иборат?
- Энг аввало, жамоамнинг соврин ва унвонларга эга чиқишига ёрдам бермоқчиман. Ўз навбатида, шу билан бирга дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга интиламан. Бу масалада бор кучимни ишга солишга ваъда бераман. Мен янада шаклланиш учун бор куч-ғайратимни кўрсатишга бел боғладим.
- Ўтган вақт давомида ҳужум чизиғининг турли позицияларида ўзингизни синаб кўришга улгурдингиз. Сизга ҳаммасидан кўра, қайси роль кўпроқ маъқул келади, деб ўйлайсиз?
- Ростини айтсам, менга майдоннинг олди қисмида ва қайси нуқтасида бўлишидан қатъи назар, ҳужум қилиш ёқади. Бундай паллада менга қайси позицияда бўлишнинг қизиғи йўқ. Истак бўлса, майдон марказига қайтиб ярим ҳимоячилар ёки қанотларда ҳаракатланадиган ҳимоячилар билан ўрин алмашишим ҳам мумкин. Мен учун ҳаммасидан кўра, ҳужум қилиш кўпроқ ёқади. Ҳужум чизиғида ўзимни қулай ҳис қиламан.
- Хизматингизга бошқа клублардан ҳам қизиқиш йўқ эмасди. Нима сабабдан айнан “Рома”ни танладингиз?
- Ҳаммасидан ҳам кўра, “Рома”нинг Италиядаги энг яхши клублардан бири ҳисобланиши қарор қабул қилишимда асосий ролни ўйнади. Шунингдек, мени ўзига жалб этган яна бир қатор ижобий жиҳатлар ҳам бор. Яна такрорлайман: кўп нарса...мен мухлисларнинг “Рома” учун қандай жон чекишларини кўрдим. Боз устига авваллари “Рома” иштирокидаги кўплаб учрашувларни томоша қилганман. Шу сабаб, клуб ҳақида етарлича маълумотга эга бўлганим учун уни танлашни маъқул кўрдим. Ҳаммаси жуда тез рўй берди. Улар мени сотиб олишни истаганларини бу масалада тез ҳаракат қилганликлари билан исботлаб бера олдилар. Ўз навбатида бу ҳолат ҳам якуний қарор қабул қилишимда ижобий ҳолатлардан бири вазифасини ўтади. Энди эса мана “Рома” ўйинчиси сифатида қаршингларда ўтирибман. Ўтишимнинг иккинчи сабаби шундан иборатки, доим юқори мақсадларни кўзлайман. Шундай экан, бу танлов мени ҳар томонлама қаноатлантирди.
- Сиз “Рома” тарихида клуб шарафини ҳимоя қиладиган ўзбекистонлик илк футболчига айландингиз. Бу орқали юртингиздаги бошқа футболчилар учун ҳам қайсидир маънода йўл очиб бердингиз...
- Ҳа, мен “Рома”дек клуб сафида ўз мамлакатим шаънини кўтара олишим мумкинлигидан сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ғурурланаман. Шунингдек, мени бугунги кунда юртимдаги қанчалик кўп мухлислар қўллаб-қувватлаб келишларини яхши биламан. Яна шуни айтишим керакки, Генуяга келган пайтимдаёқ, ишқибозлар мени дадилроқ ўйнашим учун зўр бериб қўллаб-қувватлашга тушгандилар. Энди катта клуб учун ўйнашни бошлаганимдан сўнг, мухлисларнинг далдаси олдингидан ҳам кўра кўпроқ бўлишини ҳис қилиб турибман. Бир сўз билан айтганда, бу мен учун улкан шарафдир.
- Ва сўз охирида мухлисларга нималар дейишни истаган бўлардингиз?
- Барча мухлисларга ўзимнинг энг илиқ тилакларимни билдириб ўтишни истайман. Жамоани қўллаб-қувватлашда ва бизга ишонишда давом этинглар! Ўз ўрнида биз сизларни бахтиёр қилиш учун майдонга тушгандан сўнг, қўлимиздан келган барча ишни қилишга ваъда берамиз.
Фикрлар