Роналду бошқа юлдузнинг “Юве”дан кетишига сабабчи бўляпти

Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган молиявий инқироз Турин суперклубига ҳам таъсир ўтказа бошлади. “Ювентус” раҳбарияти хизмати қиммат баҳоланадиган Криштиану Роналду ва Маттейс де Лигтдан бирини танлашига тўғри келади.

Роналду Туринда ўзини яхши ҳис қилмоқда.. Амалдаги шартномаси 2022 йилнинг ёзигача тузилган 36 ёшли футболчи ҳамкорликни яна бир йилга узайтирмоқчи. Бироқ, туринликлар бунга шошаётгани йўқ. Агар клуб Роналдуни тезроқ сотиб юбормаса, унинг трансфер суммаси янада пасайиб кетади. Криштианунинг ўзи эса, катта маош олади.

Шу боис, клуб хўжайинлари Роналдуни жамоада ушлаб туриш иқтисодий томондан манфаатли эмас, деган фикрни илгари сурмоқда. Қолаверса, португалиялик тўпурарни ушлаб қолиш имкониятига эга бўлиш учун туринликлар истеъдодли ҳимоячи Маттейс де Лигтни сотиб юборишига тўғри келади. Агар тез орада клубнинг молиявий аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатилмаса, улар икки футболчидан бирига жавоб бериб юборади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!