Роналду МЮга қарши баҳсни ҳам ўтказиб юбориши мумкин

УЕФА Туриннинг “Ювентус” клуби форварди Криштиану Роналдуга қарши интизомий иш очди.

Эслатиб ўтамиз, 33 ёшли португалиялик футболчи кеча Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи илк турида “Валенсия”га (2:0) қарши баҳснинг 29-дақиқасида рақиб ҳимоячиси Жейсон Мурильонинг юзига ургани учун бош ҳакам Феликс Брих томонидан қизил карточка кўрсатилиб майдондан четлатилган эди.

Берилган маълумотларга қараганда Роналдунинг масаласи УЕФА тартиб-интизом қўмитаси томонидан 27 сентябрь куни кўриб чиқилади. Айнан шу куни унинг қанча ўйинга дисквалификация қилиниши маълум бўлади.

Айтиш лозимки, Роналду ЕЧЛнинг навбатдаги “Янг Бойз”га қарши учрашувини аниқ ўтказиб юборади. Бироқ, дисквалификация муддати катта эҳтимол билан оширилиши айтилмоқда. Агар шундай бўлган тақдирда у гуруҳ босқичининг 3-турида ўзининг собиқ жамоаси “Манчестер Юнайтед”га қарши “Олд Траффорд”да бўлиб ўтадиган баҳни ҳам ўтазиб юборади.