Роналду «Ювентус»дан кетиши керак(ми)?!
Криштиану Роналдунинг Туриндаги фаолияти сўроқ остида қолмоқда. Айниқса, «Порту»га бой берилган ўйиндан сўнг, унинг кетиши ҳақида миш-мишлар урчиб кетди. Хўш, ҳозир Роналдунинг кетиши ким учун кўпроқ наф беради? Бугун шу мавзу ҳақида батафсил.
ЕЧЛдаги бўш ўйинлар
Ҳозирда «Юве»нинг «шалпангқулоқ»ни қўлга киритишини Роберто Ди Маттео сингари афсунгаргина таъминлай олади. «Челси» билан имконсиз ишларни амалга оширган мутахассисгина ҳозирги «Юве»ни чемпионлик сари етаклаши мумкин. 5 йилдан бери ишсиз қолиб кетган мураббийни бежиз эслаганимиз йўқ.
Тан олиш лозим, «Юве» «Порту»га қарши жуда бўш ўйнади. Пирло бошчилигидаги клуб бўлажак чемпионлар сингари ўртамиёна рақибдан бир бош баланд бўлишни уддалай олмаганини ҳаммамиз кўрдик. Роналду 90 дақиқа ичида атиги бир бор зарба йўллади, холос. Учрашувдан сўнг, Антонио Кассано Пирлонинг ўйин услуби, Сарриникидан ҳам Криш учун ноқулайроқ эканлигини таъкидлаб ўтди. Тан олиш лозим, ЕЧЛ фонида Пирло ҳали тажрибасиз мураббий эканлигини кўриниб қолди.
Роналду италияликларга қимматлик қилади?!
Бир қарашда Роналдунинг Туринда эканлигидан ҳамма хурсанд, аммо клуб бухгалтерлари бундай фикрда эмас. “Криш”нинг шартномаси жамоа бўйнига осилган тошдек пастга тортмоқда. Тўғри, у Лео Месси сингари улкан маош олмайди, аммо «Юве»нинг даромади ҳам «Барселона»никидан анча кам.
Сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда, «зебралар»нинг йиллик даромади «Боруссия Д» клубиникидан озгина кўпроқ, холос. Пандемия чоғида вазият янада мураккаблашиб кетди. Эндиликда, клуб раҳбарлари Роналдуга янги шартнома таклиф қилиш орқали, бир нечта ёш ва иқтидорли йигитларнинг хизматидан воз кечиши керак.
Футболчи билан тузилган шартнома 2022 йилда ўз якунига етади. Бу вазиятда уни эркин агент сифатида қўйиб юбориш ғалати. Агар жамоа Кришни трансферга қўйса, ҳеч бўлмаганда 60-80 миллион евро атрофида ишлаб олиши мумкин.
Янги қон қуйиш керак
Бугун ёки эртага барибир Роналду клубни тарк этади. Катта эҳтимол билан бу воқеа Европа чемпионатидан сўнг содир бўлади. Криш фаолиятидаги сўнгги катта турнирдан сўнг, янги клуб излашга тушиб кетиши аниқ. «Юве»га эса, бу вақт оралиғида таблодаги ҳисобга таъсир кўрсатишга қодир футболчи даркор.
63 миллион еврога баҳоланаётган Мората «Порту»га қарши ўйинда рақиб дарвозасига зарба ҳам йўллай олмади. Дибала катта ўйинларда йўқолиб қолади. Шундай экан, ҳужумда янги етакчини излаш лозим.
Бу Салоҳ ёки Холанд бўлиши мумкин. Мбаппега клубда пул йўқ. Холанд ҳам ўз ўйин фалсафасига эга бўлмаган «Ювентус»ни танламаса керак. Салоҳ эса, бугунги авлод вакиллари ичида энг идеал вариант. У Кришдан 7 ёш кичик. Маоши ҳам йилига 10 миллион евро атрофида. 36 ёшни уриб қўйган қария Роналду учун 31 миллион евро тўлагандан кўра, Салаҳни Туринга олиб келиш анча арзонроққа тушмоқда.
Тан олиш лозим, Роналдунинг жамоадошлари ҳам супер ижрочилар эмас. «Реал»да уни Лука Модрич, Гарет Бэйл, Тони Кроос, Карим Бензема, Серхио Рамос, Марсело сингари суперюлдузлар қўллаб турар, бутун ўйин давомида Роналду уларга суянар эди. Ҳозирги «Юве»нинг таркибига разм солинг! Жамоа, асосан, даври ўтган юлдуз ва ҳали ўз ўрнини топмаган ёшлардан иборат. Бош мураббий ролида тажрибасиз Пирло. Бундай атмосферада Роналдудан «мўъжиза» кутиш бироз ғалати.
Роналду қолиши мумкин, фақат...
Кришнинг агентига осон бўлмаслиги аниқ. 36 ёшли футболчи учун ҳеч ким шоҳона контракт таклиф этмайди.
Агар клубнинг натижалари кескин пасайиб кетса, Роналду кучлироқ жамоа билан шартнома имзолаш учун «катта» шартномадан воз кечиши ҳеч гап эмас. Ҳозирги «Ювентус»ни А Серия ғолиблиги учун даъвогар, деб бўлмайди. 21 тур давомида клуб 9 бор очко йўқотди. Бу ўртача ҳар икки ўйиннинг бирода 3 очкони қўлдан чиқариш дегани.
Криш футбол оламидаги «қария» мақомини қабул қилишга мажбур. У аввалгидек бир ўзи ЕЧЛда ғалабани таъминлай олмайди. Унга айёр мураббий ва кучли жамоадошлар керак. Бугунги «Юве» «Бавария», ПСЖ, «Манчестер Сити»дан ҳар жабҳада ортда қолмоқда.
Фикрлар