Роналдунинг бутун карьерасидаги голлари сони аниқланди
Саудия Про-лигаси комиссияси баҳсли голни автогол эмас, расман Криштиану Роналду урганини тасдиқлаб, унинг голлари сонини 982 тага етказди.
Саудия Арабистони Про-лигасидаги сўнгги баҳслардан бири – «Ал-Наср»нинг «Ал-Файсали»га қарши ўйинида урилган иккинчи гол атрофида мунозаралар ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Ушбу гол кимга ёзилиши масаласида турли манбалар турлича маълумот берган эди: лига расман зарбани Криштиану Роналду ҳисобига ёзган бўлса, Халқаро футбол федерацияси эса бу ҳолатни автогол сифатида қайд этганди.
Про-лига қоидаларга риоя этилишини назорат қилувчи комиссия ушбу вазиятни қайта кўриб чиққан. Текширув натижасида гол автогол эмас, балки расман Криштиану Роналду томонидан урилган деб топилган.
Шу тариқа, Роналдунинг шахсий статистикаси яна бир бор янгиланди: ҳозирги пайтда унинг карьерасидаги расмий голлар сони 982 тани ташкил этмоқда.
«Криштиану Роналду ушбу гол муаллифи эканини расман тасдиқлаш учун барча зарур расмий тартиб-таомиллар амалга оширилди», – дея ёзади Абдулазиз ал-Мурайсел.
Унинг қўшимча қилишича, қабул қилинган қарор ва голнинг Роналду фойдасига ёзилгани ҳақида футболчининг ўзига ҳам аллақачон хабар берилган.

Изоҳлар (0)