Роппа-роса бир йил! Ўзбекистон сўнгги бора "Ювентус" ва "Милан" футболчиси гол урган ўйинда мағлуб бўлган

"ЖЧ-2026" саралаши доирасидаги Қирғиз Республикаси ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди ва унда вакилларимиз 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Жоэль Кожо ҳисобни очган бўлса, Шомуродов навбатдаги ҳужумнинг ўзидаёқ мувозанатни тиклади. 35-дақиқада Одилжон Абдураҳмонов қўшниларимизни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Алиқулов тенглаштирувчи, Ўрунов эса ғалаба голини киритди. 

Шу тариқа, "оқ бўрилар" иккинчи турда ҳам 3 очкони қўлга киритди. 

Қайд этиш лозим, сўнгги бора Ўзбекистон терма жамоаси роппа-роса бир йил аввал, аниқроғи 2023 йилнинг 10 сентябрь куни АҚШ терма жамоасига 0:3 ҳисобида имкониятни бой берганди. Веа, Пепи ҳамда Пулишичнинг голлари шимолий америкаликларга йирик ғалабани тақдим этганди. 



Қайд этиш лозим, Ўзбекистон бу вақт ичида Австралия, Қатар ва икки бора Эрон каби номдор терма жамоаларга қарши баҳс олиб борди. 

Гарчи, терма жамоамиз Қатарга Осиё Кубоги чорак финалида мағлуб бўлиб, турнирни тарк этган бўлса-да, асосий вақтда дуранг натижа қайд этилган ва қатарликлар пенальтилар сериясида зафар қучган. Бундай ҳолатда мағлубият статистикада қайд этилмайди. 

"ЖЧ-2026" саралаши иккинчи ва учинчи босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси жами 8 та ўйин ўтказди. Уларнинг 6 тасида ғалаба ва 2 тасида дуранг натижа қайд этилган (ҳар иккиси Эрон билан). 

Қайд этиш лозим, иккинчи босқичдаги рақибимиз Эрон учинчи босқичда ҳам бизга рақиблик қилади. Кейинги учрашув айнан форсларга қарши 10 октябрь куни бўлиб ўтади. 



 

Карим Худайқулов 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
faxriddin bozorov
11/09/2024 00:37
Бардавом бўлсин!