Россия чемпионатига Шомуродов маслаҳати билан ўтдим!
Юртимизнинг энг истеъдодли ёш футболчиларидан бири – Иброҳимхалил Йўлдошев расман Россия премьер-лигаси вакили “Нижний Новгород” жамоасига кўчиб ўтди.
Аввалроқ, “Пахтакор” ўйинчисини “Женоа” трансфер қилиб, Европа клубларидан бирига ижарага жўнатмоқчи бўлгани ҳақида хабарлар тарқатилганди. Бироқ, амалда ёш ҳимоячи куни Россия чемпионатида синашга қарор қилди.
Премьер-лига дебютанти – “Нижний Новгород” жамоаси матбуот хизмати ходимлари легионеримиздан интервью олди.
- Иброҳимхалил сени Нижний Новгородда кўриб турганимиздан хурсандмиз. Ўзбекистон чемпионатида қандай ютуқларга эришгансан?
- Мен “Пахтакор” академиясини битирдим. Пойтахт клуби билан 2019 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлдим ва кейинги мавсум ижара асосида “Бунёдкор”да тўп тепдим. Кейин яна “Пахтакор”га қайтдим.
- Сени Ўзбекистон миллий терма жамоасига қачондан жалб қила бошлашди?
- 2020 йилдан буён миллий терма жамоа ўйинчисман. Ўртоқлик ўйинларида ҳам, расмий учрашувларда ҳам ўйнаганман. Яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасини словениялик таниқли мураббий Сречко Катанец қабул қилиб олди. У мени 5 сентябрь куни Стокгольмда бўладиган Швеция ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувига таклиф қилган.
- “Нижний Новород” жамоасига қандай келиб қолдинг?
- Олдимда жуда кўп таклифлар бор эди. Ҳамюртим Элдор Шомуродов ўйнаган “Женоа” клубига ўтишга яқин эдим. Лекин айнан Шомуродов менга олдин Россия чемпионатида ўзимни синаб кўришни маслаҳат берди. Prosports Management компанияси агентлари билан маслаҳатлашув ва бош мураббий Александр Кержаков билан суҳбатдан сўнг “Нижний Новгород” жамоасида қолишга қарор қилдим.
- Янги клубда машғулотларни бошладингми?
- Ҳа, машғулотлар менга ёқди. Жамоадошларим ҳам ажойиб йигитлар экан, мени яхши кутиб олишди.
- Қайси позицияда ўйнайсан?
- Мен чап қанот ҳимоячисиман. “Нижний Новгород”да латераль сифатида бутун қанот бўйлаб ўйнашим кераклигини айтишди.
- “Нижний Новгорода”да қайси рақамни танладинг?
- “Пахтакор” академиясида ўйнаб юрган болалик пайтимдан олтинчи рақамни танлаганман. “Нижний Новгород”да ҳам танловимни алматирмадим. Шу рақам менга муваффақият келтирсин!
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Нижний Новгород” жамоаси 2015 йилнинг 1 июнь куни ташкил этилган. Ушбу жамоа 2020-2021 йилги мавсумда Россия Миллий футбол лигасида учинчи ўринни эгаллаб, премьер-лигада тўп тепиш ҳуқуқига эга бўлди.
Энди ўзбекистонлик футбол ихлосмандлари Остон Ўрунов тўп тепаётган “Уфа” жамоаси билан бирга “Нижний Новгород”га ҳам мухлислик қилади.
Фикрлар