Россия терма жамоаси Покистонга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши мумкин
Покистон терма жамоаси медиа менежери Муҳаммад Яшал РБ Спорт нашрига берган интервьюсида ноябрь ойида Россия билан ўртоқлик ўйини ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.
— 23 сентябрь куни Россия футбол Иттифоқидан ўртоқлик ўйини ўтказиш учун таклиф олдик. Аммо маълум тайёргарликларни олиб бориш, жамоа ва мутасаддиларни йиғиш, логистика масалаларини ҳал қилиш зарурлигини инобатга олиб, Покистон футбол федерацияси ўйинни ноябрь ойига кўчиришни сўради. Кўп ўйинчилар турли мамлакатларда, шунинг учун вақт керак.
- Ўйин ноябрь ойида бўладими?
— Биз РФУга ўйинни ноябрда ўтказишга тайёр эканлигимиз ҳақида жавоб юбордик. Лекин улардан ҳалигача жавоб келмади. Жавоб олишимиз биланоқ тайёргарликни бошлаймиз. Ҳаммаси РФУнинг жавобига боғлиқ.
ФИФА ва УЕФА томонидан халқаро мусобақалардан дисквалификация қилинган Россия терма жамоаси жорий 2024 йилда учта ўртоқлик ўйини ўтказди. 21 март куни Россия терма жамоаси Сербияни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. 7 июнь куни эса Беларусни ҳам 4:0 ҳисобида енгди. 5 сентябрь куни Вьетнам терма жамоасига қарши ўйин ҳам Россиянинг ғалабаси билан якунланди – 3:0. Валерий Карпин шогирдлари 2023 йилда бешта ўртоқлик ўйинида қатнашган.
Фикрлар