Россия терма жамоасини Йоахим Лёв бошқариши мумкин

"Чемпионат" сайти мухбири Андрей Панковнинг маълум қилишича, германиялик мутахассис Йоахим Лёв Россия терма жамоаси бош мураббийи Станислав Черчесов истеъфога чиқарилган тақдирда, унинг ўрнига келиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири ҳисобланади.

Юқоридаги манбага кўра, Россия футбол иттифоқи терма жамоа устози Черчесов ўрнига хорижлик мутахассисни олиб келмоқчи. Уларнинг шорт-листида Лёв асосий номзод сифатида тилга олинган. Ўз навбатида Йоахим "Евро-2020"дан сўнг Германия терма жамоасидан кетишини маълум қилган эди.

Йоахим Лёв Германия терма жамоасини 15 йилдан буён бошқариб келмоқда. Бундестим унинг қўл остида 2014 йил Бразилия яшил майдонларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритди.

Станислав Черчесов Россия терма жамоасини 2016 йилнинг августидан буён бошқариб келмоқда. Унинг бошқарувидаги терма жамоа “ЖЧ-2018”да чорак финалга қадар етиб борган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!