Россияда овоза бўлаётган легионеримиз: "Янги мураббийнинг ҳам ишончига кирдим, Ўрунов билан унчалик алоқам йўқ"
Россия премьер-лигасида тўп сураётган легионерларимиздан бири Иброҳимхалил Йўлдошев ўтган турда ўйин қаҳрамонига айлангани барчамизни қувонтиргани рост.
Ўтган турда “Нижний Новгород” сафарда “Урал” билан ўйнади. Легионеримиз томонидан киритилган ягона гол эса “Нижний Новгород”га мавсумдаги дастлабки ғалабасини келтирди. Аста-секин Иброҳимхалил Россия чемпионатида овоза бўлиб боряпти. Энди уни янада кўпчилик кузатишга тушди.
Қолаверса, турнинг рамзий терма жамоасидан ҳам жой оляпти. Уни бундай қувончли куни билан табрикладик. Ўз навбатида, Йўлдошев Sports.uzга ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Бу мавсумдаги биринчи ғалабамиз бўлди. Бунга ҳисса қўшганимдан хурсанд бўлдим. Худога шукр, гол урдим ва жамоамиз уч очкони қўлга киритди. Жуда яхши ўйин бўлди. Ўтган сафар ҳам бу жамоа билан яхши ўйин бўлганди ва биз ўшанда ҳам ютгандик, бу гал ҳам ютдик. Мен иккинчи бўлимда майдонга тушдим ва ўйинни ўзгартира олдим, деб айта оламан. Чунки иккинчи бўлимда кўплаб ҳужумлар уюштирдик. Худога шукрки, урган голим жамоамга ғалаба келтирди, - деди легионеримиз.
Ўзга мамлакатда ҳар қандай легионеримизнинг гол уриши ва жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшиши ҳар биримиз учун ёқимли ва айниқса, бу кучли чемпионатларда содир бўлса, янада қувончлидир. Йўлдошев гол урганида ҳам шундай қувондик. Қизиқ, унинг ўзи айнан гол уришини ўйлаганмиди ёки...
- Тўғрисини айтсам, гол уришимни кутмагандим. Энг қизиқарлиси, ўтган мавсумда ҳам шу жамоага қарши учрашувда энг яхши футболчи мақомини олгандим. Бу сафар ҳам айнан шу клуб билан учрашувда энг яхши ўйинчи, деб топилдим. Гарчи гол уришимни кутмаган бўлсам-да, буни менга Аллоҳ насиб қилган экан.
Билсангиз керак, бу Иброҳимхалилнинг РПЛ чемпионатида жорий мавсумдаги илк голи эмас. 4-турда сафарда “Сочи”га қарши учрашувда ҳам ҳамюртимиз гол уришга муваффақ бўлган. Фақат унда “Нижний Новгород” 2:1 ҳисобида ютқазиб қўйган. Ҳимоячи бўлишига қарамай, иккинчи голини ҳам киритишга эришди. Хўш, бу тасодифми? Бунга футболчимизнинг муносабати қуйидагича бўлди:
- Гол уришим тасодифми? Билмайман. Ҳозир айтганимдек, Худо насиб қилди. Нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Лекин шуни айта оламанки, агар ҳар қандай футболчи гол урдими, кейинги сафар ҳам яна ишончи ортади. Масалан, “Сочи” билан ўйинда гол урдим ва менда ўзимга бўлган ишонч ошди. Кейинги ўйинда ҳам яна гол ураман, деб айтдим. Яъни, ўзимда ишонч ҳосил бўлди, демоқчиман. Ҳар бир футболчида гол ургач, янада иштиёқи ортиб боради. Ҳар бир ўйинда ниятим гол уриш. Чунки ўтказадиган ҳар бир учрашувимизда мураббий ва мухлисларнинг ишончини қозонгим келади. Шу билан бирга жамоамни юқори ўринларга чиқишида ўз ҳиссамни қўшгим келади. Бу ҳар бир футболчининг мақсади. Бундан буён ҳам яхши ўйин кўрсатишга ва яна голлар уришга ҳаракат қиламан.
Яна бир гап: футболчимизни “Нижний Новгород” жамоасига собиқ бош мураббий Александр Кержаков таклиф қилган. Ўтган мавсумда унинг қўли остида тўп сурган легионеримиз бу сафар бошқа мутахассис – Михаил Галактионов билан бирга ишламоқда. Йўлдошев бу ўзгаришга ҳам тўхталди.
- Тўғри, Кержаковни шахсан ўзи ўйинимни кузатган ва ёқтиргани учун жамоасига чақирганди. Ҳар бир мураббийни ўзига хос тактикалари бўлади. Александр Кержаковни ҳозирги мураббий билан солиштирсам, иккаласи икки хил. Мураббийларни ўз характери ва услублари бўлади. Янги мураббийни ҳам ишончига кирдим, деб ўйлайман. Ўртамизда салбий муносабатлар бўлмади. Уни менга бўлган муносабати яхши.
Яқинда Москванинг “Торпедо” клубига яна бир ҳамюртимиз Ҳожимат Эркинов кўчиб ўтган. Йўлдошев у билан ёшлигидан дўст ва бирга тўп сурган. Табиийки, дўстининг ҳам Россия чемпионатида тўп тепаётгани Иброҳимхалил учун ёқимли бўлди. Биз ундан Эркинов ва Остон Ўрунов билан муносабати ҳақида ҳам сўрадик.
- Ҳа, Ҳожимат Эркинов билан кўришдим. Чунки у билан олдиндан, академия пайтидан бери биргамиз. Жуда яқинмиз, терма жамоада йиғилган пайтда ҳам бир-биримиздан маслаҳатлар оламиз. Россия чемпионатига ўтганидан хурсандман. Ўйинлардан кейин камчиликларимиз ва қандай ўйнаётганимиз хусусида гаплашиб турамиз. Телефон орқали суҳбатлашамиз. Остон Ўрунов билан унчалик алоқам йўқ. Бу дегани ўртамизда нимадир бор, деб айта олмайман. Шунчаки, алоқа камроқ. Эркинов билан эса иккимизни агентимиз битта, - дея жавоб берди Йўлдошев.
Фикрлар