Россияга кетган Канчельскис "Навбаҳор"да 2 сентябрь куни иш бошлайди
Россиялик таниқли мутахассис Андрей Канчельскис яна “Навбаҳор”га бош мураббий сифатида қайтганидан хабарингиз бор. 22 июнь куни истеъфога чиқарилган мураббий 28 августда яна собиқ клубига қайтарилди.
Бунга қадар Канчельскиснинг ўрнида ишлаган сербиялик Деян Журжевичнинг эса Наманганда омади юришмади. Чемпионат доирасида «Навбаҳор» Журжевич бошчилигида бешта ўйинда иштирок этиб, шундан учтасида мағлубиятга учраган бўлса, яна биттадан дуранг ва ғалабага эришди (Кубок баҳсларидан ташқари). Аламлиси, наманганликлар ўз майдонида “Қизилқум” ҳамда АГМК клубларига ҳам имкониятни бой берганди. Бундан эса маҳаллий мухлислар қаттиқ ранжишгани ҳам бор гап.
Шу сабабли раҳбарият Журжевич ва унинг ёрдамчиси Кляични истеъфога чиқарди. Канчельскис билан эса уч йилга мўлжалланган янги шартнома имзоланди ва унга ҳамюрти Беленков яқиндан ёрдам беради. Бунгача иккала тандем Наманганда бирга ишлашганди.
Шуни айтиш лозимки, 28 август куни бош мураббий сифатида таништирилган Канчельскис чемпионатимизда юзага келган қисқа танаффусдан унумли фойдаланиш учун Россияга қайтиб кетган. Маълум бўлишича, мутахассис Наманганга 2 сентябрь куни қайтиб келади.
Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрь куни 19-тур доирасида Наманганда “Навбаҳор”ни “Пахтакор”га қарши ўта муҳим ўйинни кутиб турибди.
Фикрлар