Рўзиқул Бердиев: 1 метрдан ҳам гол ура олмадик
Ads

Олий лига 18-туридан ўрин олган “Насаф” – “Бунёдкор”(0:1) баҳсидан сўнг, мезбонлар устози Рўзиқул Бердиев учрашув борасидаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Албатта мағлуб бўлиш бизни қониқтирмайди. Ўйинга келадиган бўлсак, йигитлар биринчи бўлимда асосан узун тўп узатишлар орқали ўйнашди. Буни ўзим ҳам тушунмадим. Мағлуб бўлган бўлсакда, кўп вазиятлар ярата олдик. Биз 1 метрдан ҳам гол ура олмадик. Баъзида дарвоза тўсини рақибга омад келтирди. Қисқаси, бугун омад биздан очиқчасига юз ўгирди.

Пенальти масаласида, албатта бу ерда пеналти бор эди. Бунга ҳеч қандай норозилигимиз йўқ. Лекин рақиблар ҳам бир-икки марта  ўз жарима майдонлари ичида қўл билан ўйнашди. Албатта бу  мағлубиятда ҳакамни айбламоқчи эмасман, бироқ ҳакам, истаганида бизнинг фойдамизга ҳам пенальти белгиласа бўлар эди.

Биринчи бўлимда узун пасслар билан ўйнадик. Иккинчи бўлимда эса ўз ўйинимизни кўрсатишга интилдик, вазиятлар бўлди. Бироқ фойдалана олмадик”, – деб айтиб ўтди Рўзиқул Бердиев.